АсосийJamiyat

Ўзбекистонда носвой кашандалари 2,47 млн нафарни ташкил этади

'Ўзбекистонда носвой кашандалари 2,47 млн нафарни ташкил этади'ning rasmi

Куни кеча пойтахтимизда чекишга қарши курашиш доирасида тамаки, жумладан, носвойнинг зарарини камайтириш муаммосига бағишланган илмий анжуман бўлиб ўтди.  Ўзбекистон, Беларус ҳамда Буюк Британиялик эксперт мутахассислар, шифокорлар, давлат ва бизнес вакиллари муҳокамаларда иштирок этдилар.

Конференцияда анъанавий перорал тамаки маҳсулотларидан фойдаланиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тадқиқотларни стратегик ривожлантириш Халқаро маркази томонидан ўтказилган тадқиқот хулосалари асосий натижа сифатида тақдим этилди. “Ўзбекистоннинг айрим минтақаларида носвойни етиштириш, истеъмол қилиш ҳамда савдо-сотиғининг ҳозирги ҳолатининг таҳлили” деб номланган ушбу тадқиқот қуйидаги натижаларни тақдим этди:

  • Носвой ишлаб чиқарувчиларнинг тахминан 50% бир килограмм маҳсулотни 15 000 сўмдан 20 000 сўмгача нархда сотади.
  • Сўровномада қатнашган ишлаб чиқарувчиларнинг 40% да бир килограмм носвойнинг нархи 50 000 сўмни ташкил этади.
  • Сўровномадан ўтган оилаларнинг 22% носвой сотишдан ўртача йиллик даромади 10 миллион сўмдан кам бўлса, бунда 20% оилаларнинг даромади 10 миллион сўмдан 20 миллион сўмгача миқдорда ўзгариб туради.

Республикамизда ишлаб чиқарилаётган носвойларнинг аксарияти лаборатория текширувларидан ўтказилмайди ва мувофиқлик сертификатига эга эмас. Сўровномадан ўтганларнинг 10% нинг айтишига кўра, уларнинг маҳсулотлари лаборатория таҳлилидан ўтказилади, аммо респондентларнинг 90% бундай таҳлил ўтказилмаслигини таъкидлайдилар.

Ўзбекистон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тадқиқотларни стратегик ривожлантириш Халқаро маркази бўлим бошлиғи Абдухолиқ Мухторовнинг сўзларига кўра, тадқиқотлар кўплаб хулосалар чиқаришга ёрдам берди. Унинг таъкидлашича, тартибга солиш механизмларини жорий этиш ва носвой ишлаб чиқаришни лицензиялаш зарурдир. Шунингдек, носвой айниқса қишлоқ жойларда кенг тарқалган, зеро ушбу маҳсулот сигаретга нисбатан арзон ва ҳамёнбоп ҳисобланиши ҳам қайд этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда носвой истеъмолчилари сони 2,47 миллион кишини ташкил этиши айтиб ўтилди.

Конференция иштирокчилари тамаки маҳсулотларини лицензиялашни жорий этиш ҳамда ушбу маҳсулотларнинг хавфсизлик параметрларини белгилаб берувчи давлат стандартини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидладилар. Мазкур ёндашув давлат тамаки ва никотинли таркибга эга маҳсулотларга нисбатан қўлланиладиган ёндашувга айнан ўхшайди.

Конференция қатнашчилари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган носвойнинг сифати ва хавфсизлиги борасида ҳам ўз хавотирларини изхор этдилар. Шу муносабат билан маҳсулот сифатини баҳолаш ҳамда тегишли сертификатлар олиш учун лаборатория тадқиқотлари ўтказиш зарурлиги қайд этилди. 

 

 

 

    Бошқа янгиликлар