UzAuto Motors компанияси uzautojobs.uz платформаси орқали эълон қилган вакант лавозимлар бўйича очиқ танловга 10 000 нафарга яқин номзод иштирок этди. Натижада очиқ танлов асосида 1 700 нафардан ортиқ фуқаро асака автомобил заводига ишга қабул қилинди.
Андижон вилояти мамлакатимиздаги ҳудуди жиҳатидан энг кичик, аҳолиси зич яшайдиган вилоят ҳисобланади. Вилоят республика ҳудудининг 1 фоизини, аҳолиси эса қарийб 10 фоизини ташкил этади. Шундай бўлсада, вилоятда жойлашган ишлаб чиқариш саноат корхоналари мамлакат иқтисодиётида етакчи ўринларни эгаллайди. Хусусан, UzAuto Motors компанияси Асака автомобил заводи вилоятнинг йирик иш берувчиси ҳисобланиб, айни пайтда компанияда 12 000 нафардан ортиқ ходимни иш билан таъминлади
UzAuto Motors компанияси 2023 йилда автомобиль ишлаб чиқариш ҳажмини 400 минг дона автомобилга етказишни режалаштирган. Ушбу мақсадларга эришиш учун профессионал кадрлар таркибини шакллантириш устувор вазифалардан биридир. Компания вакант лавозимларни энг муносиб номзодлар билан тўлдириш мақсадида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, муносиб ва қобилиятли шахсларни ишга қабул қилиш учун қабул жараёнларини такомиллаштириб, мустақил танлов жараёнларини ўтказди. Очиқ танлов бир неча босқичлардан иборат бўлиб, вакант лавозимларга Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларидан жами 10 000 нафарга яқин номзоднинг аризалари электрон тарзда қабул қилинди.
Номзодлар компания томонидан белгиланган малака талаблари асосида сараланиб, билим ва кўникмалари тест синовлари, жисмоний ва амалий тайёргарликлари ҳамда суҳбат ўтказиш орқали баҳоланди.
Танлов натижасида 1 700 нафар муносиб номзодлар турли лавозимларга ишга таклиф этилди.
"Ёшларнинг қобилияти, қизиқиши, салоҳиятидан келиб чиқиб, корхонадаги бўш иш ўринлари учун саралаш ишлари олиб борилмоқда. Танлов натижаларига асосан, етарли билим ва кўникмага эга бўлган малакали мутахассислар ҳамда иқтидорли ёш кадрларни ҳақ тўланадиган стажировкага жалб қилиш тизими йўлга қўйилди. Стажировка якунида энг яхши мутахассисларга доимий иш таклиф қилинади", - дейди Ходимлар бошқаруви дирекцияси директори ўринбосари Музаффар Шерматов.
Қайд этиш жоизки, компанияда кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Аксарият янги ишга қабул қилинган номзодлар янги иш жойига келганда ишни нимадан бошлашни, ўзини қандай тутишни билмай қолади. УзАуто Моторс АЖ ходимлар дирекцияси томонидан ишлаб чиқилган кадрлар сиёсати асосида корхонага янги жалб этилган ходимлар корхона жамоаси билан тезда қўшилиб кетиши, жамоа бўлиб ишлаш кўникмаларини шакллантириш, соҳани чуқур ўрганиши, ишни нимадан бошлаши, қандай ишлаши учун адаптация дастурини ишлаб чиқди.
Дастур бир неча босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда янги ишга қабул қилинган ходимлар билан дастлабки траининг машғулотлари олиб борилди. Машғулотларда компания стратегияси, миссияси ва қадриятлари ҳақида тақдимотлар ўтказилиб, корпоратив қоидалар, заводда хавфсизлик қоидалари ва энг муҳими, ойлик маош, КПИ (корхона самарадорлик кўрсаткичлари) каби бир қатор муҳим маълумотлар ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
Дастурнинг иккинчи босқичида ходимларга эркин иш муҳити ва жамоа билан танишиб олиш имкониятлари яратилди. Траининг машғулотларидан сўнг, персоналлар ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан таништирилди.
Корхонада адаптация жараёнини шакллантириш нафақат ходимнинг шахсий хусусиятларига, балки корхона самарадорлигига ҳам бевосита таъсир ўтказади.






