Ҳафта давомида Ўзбекистон ҳудуди бўйича қуруқ ва иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда "Ўзгидромет" хабар бермоқда.
Қайд этилишича, ресоубликанинг барча ҳудудларида 5-9 июн кунлари ҳаво бироз булутли бўлади бироқ ёғингарчилик кутилмайди. Ҳароратнинг аста-секин кўтарилиши давом этади. Иш ҳафтасининг охирига келиб, кундузи ҳаво ҳарорати 37-40 даражагача, 5-6 июнда эса республиканинг шимолий ҳудудларида, 6-8 июн кунлари жанубда ва чўл ҳудудларида ҳарорат 41-42 даражагагача исиши кутилмоқда.
Республиканинг тоғли ҳудудларида ушбу ҳафтада асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлади, фақат Фарғона водийси билан чегарадош айрим тоғли ҳудудларда бугун куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Маълумот учун, бундай ҳарорат июн ойининг биринчи ўн кунлиги учун бўлган меъёрий қийматлардан 4-6 даражага юқоридир. Бироқ ушбу даврда бундан ҳам юқори ҳарорат қийматлари кузатилган. Жумладан, 2021 йил июн ойининг биринчи ўн кунлигида республика марказий ҳудудлари бўйича ҳаво ҳарорати 41-43 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда эса 44-46 даражагача кўтарилган.






