2023 йил 1 июнь куни Самарқанддаги мактаблардан бирининг 11-синфини битираётган Ш.Бобораҳимов, М.Саидалимов, О.Ўткиров ва Ж.Эшназаров сайр қилиб юришганда кўп қаватли уйнинг 4-қаватида боши панжара орасига тиқилиб, танаси ҳавода осилиб турган кичкина қизчани кўриб қолишади. Бу ҳақда Самарқанд ИИБ хабар берди.
Маълум қилинишича ўқувчилардан бири деразадан тушиб кетаётган қизчани кўриб, дарҳол қизалоқнинг ота-онасига хабар бериш учун квартира томон югуради, қолганлари қизалоқ осилиб қолган балкон остида қўлларини чўзиб, тирик қутқарув панжарасини ясашади.
Ўртоқлардан бири зинапоядан югуриб чиқаётган пайтда, қизалоқ пастга қулаб тушади. Йигитлар уни тутиб олишади. Аниқланишича, онаси уй ишлари билан овора бўлган пайтда қизча балконга чиқиб қолган экан.
“Самарқанд вилояти ИИБ атрофида бўлаётган шу каби ҳолатларга бефарқ бўлмаган ёшларга миннатдорчилик билдиради”, дейилади хабарда.






