1

Ошқозон кичрайтириш амалиёти қачон тавсия этилади?

САЛОМАТЛИК 11.06.2023, 11:31
Ошқозон кичрайтириш амалиёти қачон тавсия этилади?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматининг хабар беришича, кейинги бир неча ўн йилликда кам ҳаракатлик ва нотўғри овқатланиш сабабли ортиқча вазн ва семизлик бутун дунёда жиддий муаммога айланган.

ЖССТ маълумотларига кўра, 2030 йилга бориб, Ер юзи аҳолисининг қарийб 45 фоизи семириб кетиши мумкин. Энг ёмони, бу касаллик нафақат катталар, балки ёшлар орасида ҳам кенг тарқалмоқда.

Шу боис сўнгги вақтларда ошқозон қисқартириш амалиёти орқали семизликдан қутилиш тобора оммалашиб боряпти.

Хўш, ушбу жарроҳлик операцияси қанчалик хавфсиз? У қандай ҳолларда тавсия этилади?

Шу каби саволларга академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Шуҳрат Ҳошимов жавоб берди.

— Cемизликка чалинган беморларнинг кўпчилиги бугун парҳез тутиш, спорт билан шуғулланиш каби табиий озиш усулларидан кўра, тезроқ натижага эришиш ва муаммодан қисқа муддатда халос бўлишни маъқул кўрмоқда, — дейди мутахассис.

— Қолаверса, аксарият одамлар ортиқча вазнга қарши узоқ вақт курашган, бироқ фойдаси бўлмаган. Шу боис улар операция йўли билан озишга рози. 

Албатта, жаҳон тиббиёти учун бариатрия, яъни ошқозон, ичак ёки иккаласини бирга хирургик ўзгартириш амалиёти янгилик эмас. Юртимизда ҳам бундай операцияларни ўтказувчи мутахассислар пайдо бўлгач, кўпчилик беморларда мазкур муолажа орқали семизликдан халос бўлиш истаги пайдо бўлди.
— Ошқозоннинг катталиги семизликка асосий сабабми?

— Йўқ, албатта. Ортиқча вазннинг юзага келишига бир неча омиллар сабаб бўлади. Яъни камҳаракатлик, турли зарарли одатлар, қандли диабет, депрессия, стресс, психоневрологик ўзгаришлар оқибатида кўпинча инсонда семириш кузатилади. 

 Шунингдек, гормонал ўзгаришлар ва гормон дориларни қабул қилиш ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин.


— Меъдани кичрайтириш амалиёти қандай ҳолларда тавсия этилади?
 

 — Тиббиётда семизлик турли даражаларга бўлинади. Тана вазни индекси 30 дан 35 гача бўлса, биринчи, 35-40 гача иккинчи, 40 дан тепаси учинчи даражали ҳисобланади. 40 дан юқори бўлганда 16-60 ёш оралиғидаги беморларга жарроҳлик йўли билан озиш тавсия қилинади.

Шунингдек, тана индекси 35 дан юқори ва қандли диабет, гипертония, остеохондроз, қонда липидлар миқдорининг баландлиги, юрак ишемик ҳамда артроз каби ёндош хасталиклар бўлганда ҳам мазкур амалиётни ўтказиш мумкин.

Бундан ташқари, озишга табиий чоралар фойда бермаганда ҳам бу муолажа усулига мурожаат қилинади. Бариатрик жарроҳликдан сўнг беморлар сезиларли ва тез вазн йўқотади.


 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1