1

Суяк емирилишини операциясиз даволаш мумкинми?

САЛОМАТЛИК 12.06.2023, 09:10
Суяк емирилишини операциясиз даволаш мумкинми?

Ушбу саволга мутахассис Мурод Ирисметов Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори жавоб берди:

Аваскуляр некроз касаллиги тўрт босқичда ривожланади ва шунга кўра оғриқлар вақт ўтиши билан кучаяди

I босқич (6 ой). Сон суяги бошчаси тузилиши 10 фоизгача ўзгаради, бироқ бўғимлар ҳаракати чекланмайди. Вақти-вақти билан чов соҳасида оғриқлар пайдо бўлади. Бироқ суяк структурасидаги микроскопик ўзгаришлар рентген тасвирларида кўринмайди. 

II босқич (6 ой). Сон суяги бошчасида ёриқлар шаклланади. Касаллик ўчоғида зарарланиш майдони 10-30 фоизни ташкил қилади. Бўғимлар ҳаракати бир мунча чекланиб, оқсоқланиш, чов соҳасида кесувчи оғриқлар кузатилади. 

III босқич (3-6 ой). Бу даврда иккиламчи артроз ривожланади. Суякдаги шикастланишлар ҳажми 30-50 фоизгача етиб, бўғимлар ҳаракати кескин камаяди ва кучли оғриқлар доимий тусга киради. 

IV босқич. Сон суяги бошчаси тўлиқ емирилади. Бўғимлардаги доимий оғриқлар бел, ёнбош соҳаларига ҳам кўчиб, хасталанган оёқларни ҳаракатлантириш деярли имконсиз бўлиб қолади. Зарарланиш ўчоғи эса 50-80 фоизни ташкил этади. 

Асептик некрозда консерватив муолажалар касалликнинг эрта босқичида самара бериши кузатилган.

Гарчи ҳозирча сон суяги бошчаси артериясида қон айланишини тикловчи ягона препарат йўқ бўлса-да, комплекс даво чоралари, масалан, яллиғланишга қарши, қон-томир тизимига мўлжалланган препаратлар, витаминлар, физиотерапия, махсус машқлар ва бўғимлар зўриқишига йўл қўймаслик орқали суяк емирилиши жараёнини тўхтатиш мумкин.

Бу эса жарроҳлик амалиётини ортга суриш ва ҳатто операциясиз ҳам соғлом ҳаётга қайтиш имконини беради. 

Одатда, аваскуляр остеонекроз 50 фоиз беморларда бир вақтнинг ўзида икки оёқда ҳам учрайди. Аммо тегишли даво муолажалари қўлланилмаса, бир оёқда кузатилган некроз бора-бора иккинчи оёқдаги сон суяги бошчасининг ҳам емирилишига олиб келади. 

Хасталикнинг сўнгги босқичларида эса эндопротезлаш муолажа усулига мурожаат қилинади. 

‼️ Ҳозир Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия марказида энг илғор усуллар асосида шундай юқори технологик жарроҳлик операциялари ўтказилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1