Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус туманида 2023 йил 10 июнь куни БМТ Тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқи кўмагида янги инклюзив Давлат хизматлари марказининг (ДХМ) очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар берди.

Мазкур марказ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Европа Иттифоқи ва БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхоннасининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида пилот (синов) тариқасида танланган 7 та марказдан биридир. Лойиҳа пилот ҳудудлардаги янги Марказларни, шу қаторида, Нукус туманидаги ДХМни замонавий ИТ ва коммуникация ускуналари (серверлар, компютерлар, тармоқ ва телекоммуникация қурилмалари, видеокузатув қурилмалари, фойдаланувчиларнинг фикр-мулоҳазаларини йиғиш қурилмалари ва бошқалар) ҳамда фуқаролар учун қулай кутиш зали ва замонавий кондиционер тизимлари билан жиҳозлашга ёрдам беради.

Бино қурилишида унинг замонавий шаҳарсозлик меъёрларига мос келиши, фуқаролар, айниқса, жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун энг қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Янги Марказда электрон навбат тизими, ахборот киоски, ўз-ўзига электрон хизматлар кўрсатиш учун замонавий зона, болалар майдончаси ва мини кутубхона мавжуд. Шунингдек, ташриф буюрувчиларнинг давлат хизматларини мустақил равишда олиш йўллари ва имкониятлари ҳақида хабардорлигини ошириш учун ахборот стендлари ва плакатлар ўрнатилган.

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида давлат хизматларидан экстерриториаллик тамойили, яъни яшаш ва бўлиб туриш жойидан қатъий назар фойдаланиш тартиби жорий этилган. Нукус туманидаги янги ДХМ 280 та давлат хизматларини кўрсатади ва кунига 300 нафарга яқин аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Марказ аҳолининг барча қатламлари, жумладан, ёш болали аёллар, ногиронлиги бор шахслар, ёшлар ва кексаларга ҳам мўлжалланган. Масалан, давлат хизматларидан фойдаланишни яхшилаш мақсадида Давлат хизматлари марказида пандуслар, тутқичлар, шунингдек, ногиронлар аравачалари, кўзи ожиз шахслар учун тактил плиткалар, бино режасининг Брайл алифбосида тақдим этилган маълумот столи, ногиронлар аравачасида ҳаракатланувчи шахслар учун давлат хизматларини олишда қулайлик яратиш учун махсус мослаштирилган стол ва махсус ҳожатхона билан жиҳозланган.

“Бу ерда аёллар бепул юридик ёки психологик ёрдам олишлари, янги кўникмаларни ривожлантиришлари ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун маслаҳат ёрдами олишлари мумкин. Давлат хизматлари марказида ёшлар ўзларини кўнгилли сифатида синаб кўриш имконияти бор, ҳар қандай ташриф буюрувчи эса онлайн хизматлардан фойдаланиш бўйича зарур билимларга эга бўлиши мумкин” – Ивана Живкович, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича минтақавий бюроси директори.

Нукус туман ДХМда, бошқа пилот марказларида бўлгани каби, бир қанча ташаббуслар амалга оширилмоқда:

“Хотин қизлар маслаҳат гуруҳлари” (ХМГ), улар Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларидаги аёллар, кексалар ва ногиронлиги мавжуд шахслар ўртасида давлат хизматларини олиш имкониятлари ва тартиблари ҳақида хабардорликни ошириш, шунингдек, зарур ҳуқуқий, психологик ва маслаҳат ёрдамини кўрсатишмоқда.

“Волонтёрлик” дастури давлат хизматлари марказлари фаолиятига ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга давлат хизматларини кўрсатишда кўмаклашишда кўнгиллиларни жалб этишга қаратилган. Барча волонтёрлар чекка ҳудудларда давлат хизматларини кўрсатишда аҳоли билан мулоқот қилишга тайёрлаш учун ўқитилади.

Аҳолининг кенг қатлами учун компютер саводхонлигини ошириш, ягона давлат хизматлари портали my.gov.uz ва АКТдан фойдаланиш курслари ташкил этиш режалаштирилган.
Ўзбекистонда фуқароларнинг, айниқса аҳолининг энг заиф қатламлари давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш Ўзбекистон ҳукумати учун сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналиши бўлиб келмоқда.





