Ижтимоий тармоқларда тарқалган эридан ўч олиш учун фарзандига азоб бераётган аёл акс этган видеотасвирлар кенг жамоатчиликнинг танқидларига сабаб бўлди.
Андижон вилояти ИИБ нинг маълум қилишича, Улуғнор тумани, Чўлобод МФЙда яшовчи, 2002 йилда туғилган Ш.О исмли аёл, 2023 йил 13 июнь куни Улуғнор туманидаги яшаш уйидан Россия Федерациясида ишлаётган турмуш ўртоғига ўзаро ўрталаридаги оилавий келишмовчилик сабабли 5 ойлик фарзандини йиғлаган ҳолдаги видеотасвирларни “Телеграм” мессенжери орқали жўнатганлиги аниқланган.
Ушбу видеохабарлар ижтимоий тармоқларга тарқалгандан сўнг, Ш.О исмли аёл 14.06.2023 йил соат 22:36да Андижон вилояти ички ишлар бошқармасининг 102 хизматига қўнғироқ қилиб, унда “Телеграмм” мессенжери орқали турмуш ўртоғига фарзанди билан боғлиқ видеохабарларни жўнатганлигини, бироқ турмуш ўртоғи ушбу видеохабарларни ижтимоий тармоқларга тарқатиб, обрўсизлантираётганлигини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Айтилишича, ҳозирда Ш.Онинг фарзандига нисбатан судга оид тиббий экспертиза тайинланган ва Андижон вилояти, Улуғнор тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
"Ушбу ҳолат бўйича гувоҳларнинг важлари тўлиқ текширилиб, ҳолатга тўлиқ ойдинлик киритилгандан сўнг, қўшимча равишда маълумот тақдим этилади", - дейила ИИБ хабарида.






