Тошкент туманиида ярим тунда киракашлик қилиб юрган йигитга босқинчилар ҳужум қилди, бунда уларга қизлар ёрдам берган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.
Жиноят 2023 йил 7 июнь куни соат 01:20 ларда содир бўлган. 24 ёшли Ғ.Б. “Spark” автомашинасида таксичилик қилаётган вақтида, ТХАЙ йўлининг Тошкент шаҳри Юнусобод тумани И.Каримов маҳалласи ҳудудидан ўтган қисмидан икки йўловчи аёл тўхтатади. Уларни Қибрай тумани Парвоз маҳалласига олиб бориб қўйишини сўрашади.
Маҳаллага борган вақтида, аёлларнинг таниши бўлган яна икки эркак автомашинага чиқади. Уларни “Уч-Қаҳрамон” блок пости яқинидаги ички кўчага олиб борган вақтида, автомашинадаги эркаклар унга пичоқ ўқталиб, қўллари билан уриб тан жароҳати етказишади. Сўнгра зўрлик ишлатиб автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтказиб, улардан бири автомашина бошқарувига ўтиради. Иккинчи эркак эса ҳайдовчига пичоқ ўқталиб, "Redmi-5" русумли телефон аппаратини ва қўлида бўлган соатини тортиб олади.
Тошкент шаҳар Учтепа тумани ҳудудидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчасига кирган вақтларида, ҳайдовчи автомашинадан тушиб қочади.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда зўрлик ишлатиб транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ишлар натижасида, мазкур жиноятни 21 ёшли П.Ф. (эркак), 18 ёшли С.М.(аёл), 22 ёшли Н.Б. (эркак) ва 18 ёшли А.Ю. (аёл)лар содир этганликлари ҳамда жабрланувчига тегишли бўлган автомашинани Зангиота тумани Мустақиллик кўчасида жойлашган уйларнинг бири олдида ташлаб кетилганлиги аниқланган ва автомашина кўздан кечирилиб ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур жиноятни содир этган шахслар қўлга олиниб, улардан жабрланувчига тегишли бўлган «Redmi-5» русумли телефон аппарати ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган, ҳозирда уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда юқоридаги шахслар нима сабабдан ушбу жиноятга қўл урганлиги аниқланмоқда.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.