“26 июнь - Халқаро гиёҳванд моддаларни суиистеъмоли ва ноқонуний айланишига қарши курашиш” куни муносабати билан Давлат хавфсизлик хизмати ташаббуси билан, республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ноқонуний муомаладан мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларини йўқ қилиш бўйича навбатдаги тадбир ўтказилди.

Тадбирда ўтган йилларда Ўзбекистонда гиёҳвандликка қарши олиб борилган чора-тадбирлар, бу борада жаҳондаги вазият ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Шундан сўнг 2022 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ноқонуний муомаладан мусодара қилинган 2 тонна 51 кг 644,96 гр. гиёҳвандлик воситалари йиғилганлар ва ОАВ вакиллари гувоҳлигида махсус печларда ёқиб юборилди.
Маълум қилинишича, ёқиб юборилган 2 тонна 51 кг 644,96 гр. гиёҳвандлик воситалариининг 236 кг 56,01 гр. героин, 265 кг 504,85 гр. опий, 152 кг 795,46 гр. кўкнор, 565 кг 792,02 гр. гашиш, 167,51 гр. каннабис мойи, 811 кг 940,42 гр. марихуана ва каннабис ўсимлиги, 12,11 гр. тетрагидроканнабинол, 0,26 гр. кокаин, 1 кг 486 гр. кодеин, 499 гр. налбуфин гидрохлорид, шунингдек синтетик гиёҳвандлик воситалари бўлган 6 кг 301 гр. а-PVP, 2 кг 130,57 гр. 4-метилметкатинон (мефедрон), 1 кг 100,76 гр. спайс, 0,7 гр. МДМА, 0,97 гр. амфетамин, 2,45 гр. метамфетамин ҳамда 7 кг 854,81 гр. перманганат калий прекурсори, 496 марка ЛСД, 22789 туп кўкнор ўсимлиги, 3977 туп каннабис ўсимлиги, 77201 дона таблетка, капсула, ампула кўринишидаги гиёҳвандлик ва психотроп моддалар ва 9 л 976,42 мл. таркибида гиёҳвандлик воситалари мавжуд бўлган турли аралашмалардир.


Гиёҳвандлик моддалари қаердан кириб келмоқда?
Қайд этилишича, гиёҳвандлик воситаларини етиштириш бўйича жаҳонда етакчи давлатлардан саналган Афғонистон билан чегарадошлик Ўзбекистондаги нарковазиятга салбий таъсир кўрсатаётган асосий омиллардан биридир. Халқаро экспертларнинг маълумотларига кўра, 2022 йилда Афғонистонда кўкнор етиштириладиган майдонлар 233000 гектарни, ишлаб чиқарилган опий миқдори эса, 6200 тоннани ташкил этган.
Республикага афғон наркотиклари асосан, Тожикистон ва Қирғизистон орқали жанубий-шарқдан - Самарқанд ва Сирдарё вилоятларига, шимолий-шарқдан - Фарғона водийси вилоятларига ва Тошкент вилоятига ҳамда тўғридан-тўғри Афғонистондан Амударё орқали Сурхондарё вилоятига олиб кириш ҳолатлари учрамоқда.
100 нафарга яқин хориж фуқароси ҳибсга олинган
2022 йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлар содир этганлиги учун 96 (126) та холатлар бўйича хорижий давлатларнинг 99 (131) нафар фуқароси ҳибсга олинган. Жумладан, 12 (55) нафар Афғонистон, 32 (37) нафар Тожикистон, 25 (18) нафар Қирғизистон, 14 (6) нафар Қозоғистон, 8 (7) нафар Россия, 5 (0) нафар Туркия, 1 (1) нафар Франция, 1 (1) нафар АҚШ ва 1 (0) нафар Беларусь фуқароларидир.
Гиёҳвандик воситилари мусодарасининг катта қисми ички ишлар органлари ҳиссасига тўғри келамоқда
Ўтган 2022 йилда мусодара қилинган 2 тоннадан ортиқ гиёҳвандлик воситаларининг ярмидан ортиғи ИИО ҳиссасига тўғри келмоқда. Жумладан:
Ички ишлар вазирлиги томонидан бошқа ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 8349 та наркожиноятлар аниқланиб, унинг натижасида 1 тонна 950,8 кг. гиёҳвандлик воситалари;
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан бошқа ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 1279 та наркожиноятлар аниқланиб, 917 кг гиёҳвандлик воситалари;
ДХХ Чегара қўшинлари томонидан бошқа ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 224 та ҳолатда 414,15 кг гиёҳвандлик воситалари, 1030 дона психотроп моддалар ва 63056 дона психофаол дори препаратлари;
Божхона қўмитаси томонидан бошқа ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 660 та ҳолат аниқланган. Натижада, 675,25 кг гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган.
Жиноятчилар орасида ёшлар кўпайиб бормоқда
Суд идоралари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига оид 5097 (3677) та жиноят иши кўриб чиқилган ва 5863 нафар шахсга нисбатан жазо тайинланган. Қайд этилишича, маҳкумлар орасида ёшлар салмоғи ортиб бормоқда. Агар 2018 йилда бу кўрсаткич 19,1% ташкил этган бўлса, 2019 йилда 22,6%, 2020 йилда 24,8%, 2021 йилда 21,6%, 2022 йилда 25,3% ни ташкил этган. Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 47,6 фоизни (1486 тадан 580 тасини) ташкил этиб, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларининг деярли ҳар иккинчиси ёшлар томонидан содир этилаётганлигини кўрсатмоқда.
Фарида Эгамбердиева
Каримжон Зарипов





