АсосийJamiyat

"Жамият ҳаётида учраётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш ОАВ вакилларига таянамиз"

'"Жамият ҳаётида учраётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш ОАВ вакилларига таянамиз"'ning rasmi

Президентнинг 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан журналистларга табриги эълон қилинди.

"Бу айём нафақат ўз ҳаётини шу соҳага бағишлаган фидойи инсонлар, балки уларнинг машаққатли ижод ва меҳнат маҳсулидан баҳраманд бўладиган миллионлаб муштарийлар, тингловчи ва томошабинлар, бутун жамиятимиз учун ҳам қадрлидир.

Мана шундай кунларда миллий матбуотимизнинг тамал тошини қўйган жадид боболаримизнинг: “Матбуот фикрлар тилмочи, миллат ва эл-юрт ривожи йўлида хизматчи, одамлар онгу шуурининг қуёши, ҳар кимнинг виждонига тутилган кўзгу бўлмоғи лозим” деган фикрлари ҳозирги кунимиз учун ҳам ғоят муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлашимиз табиийдир.

Маърифатпарвар аждодларимизнинг бу олижаноб орзу-интилишлари фақатгина мустақиллигимиз туфайли рўёбга чиқди", - дейди давлат раҳбари.

Президент табригида кейинги йилларда юртимизда рўй бераётган тарихий ўзгаришлар натижасида оммавий ахборот воситаларини эркин фикр минбарига, халқимиз манфаатларининг фаол ҳимоячисига айлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин, ижтимоий муҳит яратилганига урғу берилган.

Маълумот учун: Ҳозирги кунда юртимизда 2140 та ёки 2016 йилга нисбатан 626 та кўп оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 65 фоизи нодавлат медиа воситалари,  интернет нашрлари сони 745 тага етган.

Давлат раҳбари ахборот хизматлари йўлга қўйилгани халқ билан мулоқотни кучайтиришга сезиларли таъсир кўрсатганини қайд этади.

"Бугунги шиддатли даврнинг ўзи барча соҳалар қатори ахборот йўналишида ҳам олдимизга ўта долзарб вазифаларни қўймоқда.

Ҳозирги вақтда ер юзининг турли бурчакларида юз бераётган, барчамизни ташвиш ва хавотирга солаётган воқеаларни ҳисобга оладиган бўлсак, глобал дунёда ахборотлашув жараёнларининг таҳдидли жиҳатлари ҳам борлиги ва улар тобора кучайиб бораётганидан кўз юмолмаймиз.

Дунёнинг айрим минтақа ва ҳудудларида оммавий ахборот воситалари муайян сиёсий кучлар қўлида информацион урушни авж олдиришга, жамоатчилик фикрини чалғитишга, оқни – қора, қорани – оқ деб кўрсатишга хизмат қилаётганини афсус билан қайд этишга тўғри келади.

Ахборот маконидаги устунлик кўп нарсани ҳал этадиган бугунги мураккаб вазиятда халқимиз сиз, азизларни демократик матбуотнинг асосий шарти ва талаби бўлган холислик, ҳаққонийлик, миллий манфаатларимизга содиқлик каби принципларга амал қилиб, ўз билим ва салоҳияти, ўткир қалами ва ҳароратли сўзи билан жамоатчиликка ижтимоий жараёнлар моҳиятини англаб етишга кўмаклашадиган, уларни бузғунчи ахборот хуружларидан ҳимоя қиладиган фидойи инсонлар деб билади.

Биз жамият ҳаётида учраётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, бюрократия ва коррупция каби иллатларга қарши курашишда, аввало, сиз ҳурматли журналист ва блогерлар, айниқса, миллий медиа маконимизга янги ғоя ва ташаббуслар билан кириб келаётган истеъдодли ёшларимизга таянамиз.

Шу боис кенг миқёсда фикрлайдиган, она тили билан бир қаторда хорижий тилларни, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, юксак малакали, ватанпарвар журналист кадрларни тайёрлаш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Қорақалпоқ давлат университети, Бухоро давлат университети каби таълим муассасаларида журналистика йўналиши бўйича юзлаб мутахассислар тайёрланаётгани ҳам шундан далолат беради.

Биз Янги Ўзбекистоннинг янги журналистикасини яратиш вазифасини ўз олдимизга қўйган эканмиз, бу борадаги миллий анъаналаримиз билан бирга ривожланган давлатлар тажрибасини ҳам ҳар томонлама ўрганишимиз, оммавий ахборот воситалари бўйича дунёдаги етакчи олийгоҳлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва медиа компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиришимизни ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.

Шу сабабли оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантириш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлиб қолади.

Бу соҳада олдимизда турган вазифаларни аниқ белгилаб олиш ва амалга оширишда ҳозирги вақтда Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси томонидан тайёрланаётган Миллий маъруза катта амалий аҳамият касб этади, деб ишонаман", - дейилади табрикда.

 

 

    Бошқа янгиликлар