Бугун Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Хамзаев Наманган вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни номзоднинг Наманган вилояти бўйича ишончли вакили А.Назаров олиб борди.
Президентликка номзод Абдушукур Хамзаев сайловолди дастуридаги муҳим йўналишлар ҳақида маълумот бериб ўтаркан мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишини жадаллаштириш, экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилгандавлат сиёсатини амалга ошириш, мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Дунёда инсониятни ўйлантираётган экология муаммолари тобора ортиб бормоқда. Йилдан-йилга глобал иқлим ўзгаришлари, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, қурғоқчилик каби ўткир экологик таҳдидлар дунё афкор оммасини ўйлантирмоқда, олимлар, сиёсатчилар, ҳар бир мамлакат, минтақа олдига янги вазифаларни қўймоқда.

Демакки, аҳолининг яшаши ва ишлаши учун муносиб шароитларни яратиш ва яхшилаш бўйича долзарб масалалар кўп.
Номзоднинг дастурида барқарор экологик ривожланиш мақсадларига эришиш орқали атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнларини жадаллаштириш, табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини ҳамда экологик хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифалардан сифатида белгиланган.
Хусусан, иқтисодиётнинг барча соҳаларини “яшил” иқтисодиёт тамойиллари асосида ривожлантиришга йўналтирилган сиёсат юритиш ҳамда “яшил” технологиялар соҳасидаги илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмларини ошириш, тадбиркорлик субъектларини “яшил” технологияларга ўтишини иқтисодий ва молиявий рағбатлантириш тизимини жорий этиш орқали юқоридаги мақсадларга эришиш кўзда тутилаётгани айтилди.
Бу борада инсон саломатлиги ва хавфсизлиги учун муҳим бўлган марказлашган ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимларини яхшилаш бўйича дастурий вазифаларни амалга ошириш орқали аҳолининг тоза ичимлик суви таъминоти янада яхшилаш режалаштирилмоқда.
Таъкидланишича, келгусида аҳолининг, айниқса, қишлоқ жойларда яшаётганларнинг тоза ичимлик суви таъминоти ва сифати яхшиланади.

Учрашувда сайловолди дастурининг бошқа бандларидаги вазифалар тўғрисида ҳам атрофлича маълумотлар берилди. Сайловчиларнинг фикри ва таклифлари тингланди.
Учрашув иштирокчилари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Абдушукур Хамзаев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва бошқаларни ҳам шунга даъват этди.
Ўзбекистон Экологик партияси
Матбуот хизмати





