1

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида қарийб 14 кг гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди (видео)

ЖИНОЯТ 27.06.2023, 19:19
Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида қарийб 14 кг гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди (видео)

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда,қирғизистонлик наркокуръерлар контрабанда йўли билан етказиб берган 9 кг 57 гр. “гашиш” моддасини қабул қилиб олиб, Фарғона шаҳри томон ҳаракатланмоқчи бўлган вақтида Олтиариқ туманида яшовчи, 1971 й.т., муқаддам судланган аёл ушланди. Бу ҳақда Darakchi.uz’га ДХХ хабар берди.

ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси, вилоят ички ишлар ва божхона бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса Кўкдала туманидаги “Умакай” ЙПХ масканида Тошкент шаҳри томон ҳаракатланаётган, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 1986 й.т. фуқаро бошқарувидаги “Кобальт” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилди.

Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида 2 кг “опий” ва 550 гр.“гашиш” моддалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, Тожикистон Республикасидан келтирилган ушбу ажал оғусини Тошкент шаҳрида қабул қилиб олган вақтида Денов туманида яшовчи, 1994 й.т. шахс ҳам ушланди.

ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, Учқўрғон туманида яшовчи, 1974 й.т. фуқарога тегишли дала ҳовли холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган 1 кг 390 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Маълум бўлишича, ушбу фуқаро 12 минг АҚШ долларига сотиб олинган наркотикни қайта сотиб, мўмай даромад топишни режалаштирган.

ДХХ Тошкент шаҳар ва Фарғона вилояти бўйича бошқармалари ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, 1986 й.т. маҳаллий фуқаро 974 гр. “гашиш” моддасини 10 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланди.

Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, у ажал оғусини ҳамшаҳари, 1989 й.т. фуқародан олганлиги маълум бўлиб, у ҳам қўлга олинди.

Таъкидлаш лозимки, ушбу наркотик модда Қирғиз Республикасидан олиб келинган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Давлат хавфсизлик хизматининг жойлардаги тергов бўлимлари томонидан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1