1

Андижонда 52 ёшли аёл 9 килодан ортиқ гашиш билан қўлга тушди

ЖИНОЯТ 29.06.2023, 20:14
Андижонда 52 ёшли аёл 9 килодан ортиқ гашиш билан қўлга тушди

ДХХ томонидан олиб борилган тезкор тадбирларда қарийб 14 кг гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, Олтиариқ туманида яшовчи, 1971 йилда туғилган, муқаддам судланган аёл қирғизистонлик наркокурерлар контрабанда йўли билан етказиб берган 9 кило 57 грамм гашишни қабул қилиб олиб, Фарғона шаҳри томон ҳаракатланмоқчи бўлганида ушланган.

ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси, вилоят ички ишлар ва божхона бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса Кўкдала туманидаги “Умакай” ЙПХ масканида Тошкент шаҳри томон ҳаракатланаётган, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Cobalt тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, юкхонасида 2 кило опий ва 550 грамм гашиш борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, Тожикистондан келтирилган гиёҳванд моддани Тошкент шаҳрида қабул қилиб олган вақтида Денов туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган шахс ҳам ушланган.

ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, Учқўрғон туманида яшовчи, 1974 йилда туғилган фуқарога тегишли дала ҳовли холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Натижада, Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб келинган 1 кило 390 грамм гашиш борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Маълум бўлишича, ушбу фуқаро 12 минг АҚШ долларига сотиб олинган наркотикни қайта сотиб, мўмай даромад топишни режалаштирган.

ДХХ Тошкент шаҳар ва Фарғона вилояти бўйича бошқармалари ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, 1986 йилда туғилган маҳаллий фуқаро 974 грамм гашишни АҚШ долларига сотган вақтида ушланган.

Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, у гиёҳванд моддани ҳамшаҳари, 1989 йилда туғилган фуқародан олгани маълум бўлиб, у ҳам қўлга олинган. Ушбу наркотик модда ҳам Қирғизистондан олиб келинган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан ДХХнинг жойлардаги тергов бўлимлари томонидан Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1