Ижтимоий тармоқда Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида юз берган аянчли йўл-улов ҳодисасининг видео тасвирлари тарқалди.
Вилоят ИИБнинг маълум қилишича, автоҳалокат жорий йил 30 июнь куни соат 10.50. лар атрофида Тошкент – Термиз М-39 йўлининг 997- километрида содир бўлган.
Бухоро вилояти Жондор тумани ибн Сино маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ж.К. бошқарувидаги “Chakman” шу йўналишда ҳаракатланаётган Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Имом Бухорий маҳалласида истиқомат қилувчи Б.Ғ бошқарувидаги “Epika”нинг орқасидан урилган.
Оқибатда “Epika” йўловчиси, Пайариқ тумани Имом Бухорий маҳалласида яшовчи Қ.Т. воқеа жойида вафот этган. Худди шундай мазкур автоулов ичида бўлган, Хоразм вилояти Хива тумани Жараён маҳалласида истиқомат қилувчи М.А. шифохонага ётқизилган ва у кўрсатилган муолажаларга қарамасдан вафот этган.
Бундан ташқари ушбу йўл-улов ҳодисаси натижасида Тошкент шаҳри, Жиззах, Бухоро, Қашқадарё вилоятларида яшовчи шахслар бошқарувидаги “Lacetti”, “Sinotruk”, “Howo”, “Cobalt”, “Nexia-3” тўқнашган.
Оқибатда мазкур автоуловларга турли даражада техник шикаст етган. Ушбу автомашиналарда бўлган ҳайдовчи ва йўловчилар жабрланмаган.
Ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълум қидишича, айни пайтда Жиззах шаҳрини Ғаллаорол тумани ва бошқа вилоятлар билан боғловчи Учтепа – Жиззах 4Р-38 йўлининг 34-35 километрлари оралиғида Сангзор дарёси устидаги кўприк таъмирланаётган бўлган.
Шунингдек, мазкур йўлнинг 33- километрида йўл ўтказгич қурилмоқда. Мазкур жиҳат 4Р-38 йўлида автотарнспорт воситалари ҳаракатининг чекланишига сабаб бўлди. Бу эса Тошкент – Термиз М-39 йўлининг 981 ва 1012- километрлари оралиғида автоуловлар ҳаракатининг сезиларли даражада ортишига олиб келган.
Барча ҳайдовчилардан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишни, автомашиналар ҳаракати тиғиз бўлган йўналишларда ҳушёр бўлиш сўралмоқда.






