Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев Назарбоев университети, Назарбоев интеллектуал мактаблари ва Назарбоев жамғармаси олий васийлик кенгаши раҳбари мақомини йўқотди.
Тегишли қоидалар мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган “Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига касбий малака, давлат мукофотлари, ижтимоий таъминот ва таълим масалалари бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда келтирилган.
Қонунга кўра, олий васийлик кенгашининг раиси Қозоғистон президенти ёки президент томонидан тайинланган шахс ҳисобланади. Олий васийлик кенгаши тўғрисидаги низом Олий васийлик кенгаши раиси томонидан тасдиқланади. Ҳозирги таҳрирда олий васийлик кенгашининг биринчи раиси биринчи президент Нурсултон Назарбоев ҳисобланади.
Шунингдек, киритилган ўзгартиришларга кўра, иқтидорли болаларнинг ўқиши учун тўловларни амалга оширишга мўлжалланган "Ўркен" таълим гранти эндиликда биринчи президент томонидан эмас, балки давлат раҳбари томонидан таъсис этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Назарбоев Элбаси (миллат етакчиси) мақомидан маҳрум қилинган эди.






