Атмосфера ҳавосига саноат корхоналаридан ташланаётган ташламалар миқдори олдинги йилга нисбатан 35 минг тонна (ёки 4,0 фоиз)га камайди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, ушбу кўрсаткичга қуйидаги чора-тадбирлар эвазига эришилди:
— 96 та ишлаб чиқариш ва саноат корхоналарида жами 362 та чанг-газларни тутиб қолиш ускуналари таъмирланди ва янгиларига алмаштирилди. Натижада атмосфера ҳавосига 2590,8 тонна ташламалар ташланишининг олди олинди;
— атроф-муҳитга ҳавфлилик даражаси юқори ва ўрта бўлган 43 та янги ташкил этилаётган корхона ва ташкилотлар томонидан 307 та янги фильтр ўрнатилди;
— “Тоза ҳаво” ойлиги давомида жами 295 582 та автотранспорт воситасидан чиққан газлар таркибидаги ифлослантирувчи моддалар миқдори ўлчанди. Меъёрдан ортиқча бўлган 8041 та автотранспорт воситасининг ортиқча чиқинди газлари тартибга келтирилди;
— атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича 245 та корхона ва ташкилот томонидан 486 та чора-тадбирларнинг бажарилиши эвазига атмосфера ҳавосига 18,0 минг тонна ифлослантирувчи моддалар ташланишининг олди олинди.






