Бугун Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Хамзаев Андижон вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни номзоднинг Андижон вилояти бўйича ишончли вакили Х.Максумов олиб борди. Президентликка номзод Абдушукур Хамзаев сўзга чиқиб, йиғилганларни ўзининг сайловолди дастури билан таништирди.

Номзоднинг сайловолди дастурида экологик ривожланиш мақсадларига эришиш орқали атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнларини жадаллаштириш, табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини ҳамда экологик хавфсизлигини таъминлаш борасида бир қатор мақсадли вазифаларни қамраб олган.
Шунингдек, Марказий Осиё ва бутун дунё учун долзарб аҳамиятга эга Орол фожиаси, ер ва сув ресурслари муаммолари, биологик хилма-хилликнинг қисқариши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофондининг, атмосфера ҳавосининг ёмонлашуви, саноат ва маиший чиқиндиларнинг тўпланиши каби экологик муаммоларга ечим топиш ва аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича режалаштирилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш, мамлакат манфаатларига мос келувчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга, хусусан, “Халқаро савдода айрим хавфли кимёвий моддалар ва пестицидларга нисбатан олдиндан асосланган келишув тартиб-таомили тўғрисидаги конвенция”, “Атроф муҳитга таъсирни трансчегаравий нуқтаи назардан баҳолаш тўғрисидаги конвенция”, “Ҳавони узоқ масофаларгача трансчегаравий ифлосланиши тўғрисидаги конвенция”га қўшилиш чоралари кўрилиши ҳақида ҳам таъкидлаб ўтилди.
Номзоднинг дастурида экологик қадриятлар устуворликка айланадиган, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаш ва ОАВ фаолияти кафолатларини мустаҳкамлаш, одил судловнинг самарадорлигини ошириш борасида ислоҳотларни изчил давом эттириш масалаларига жиддий эътибор қаратилган.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида: фуқароларнинг ҳаёт сифатини пасайтирадиган ва атроф-муҳитга зарар етказувчи ҳар қандай иқтисодий фаолиятни давлат томонидан молиялаштириш тақиқланади.
- “Электрон ҳукумат” тизимини янада кенг жорий этиш орқали давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлиги ошириш;
- судлар мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш, суд қарорлари ижросини таъминлаш кафолатлари кучайтириш;
- суд жараёнларида тенглик ва тортишув тамойиллари тўлиқ жорий қилиш;
- маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги эскирган жавобгарлик чоралари бекор қилинади, маъмурий органлар томонидан жарима қўллаш қисқартирилиб, судларга кенгроқ ваколат бериш;
- адвокатурани мустақил, ишончли ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилиш каби таклифлар илгари сурилмоқда.
Учрашув чоғида соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданий-маърифий соҳаларни янада ривожлантиришга доир режалар ҳам айтиб ўтилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Абдушукур Хамзаев номзодини қўллаб-қувватлашини билдирди, фуқароларни сайловда фаол иштирок этишга чорлади.
Ўзбекистон Экологик партияси
Матбуот хизмати





