Маълумки, мамлакатимизда сайлов ўтказишнинг асосий принципларидан бири тенг сайлов ҳуқуқи ҳисобланади. Тенг сайлов ҳуқуқининг мазмуни Сайлов колексининг 5-моддасида батафсил баён этилган. Яъни тенг сайлов ҳуқуқи биринчи галда сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлишини англатади. Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган барча фуқаролар тенг сайлов ҳуқуқига эга бўладилар.
Бироқ суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра, озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин.
Тенг сайлов ҳуқуқи қандай таъминланади?
Тенг сайлов ҳуқуқи фуқаронинг сайловчилар рўйхатига киритилиши йўли билан таъминланади. Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролар ўзлари доимий ёки вақтинча яшайдиган ҳудуддаги сайлов участкалари томонидан тузиладиган сайловчилар рўйхатига критилади. Сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзили киритилади.
Ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчиларнинг ва улар
оила аъзоларининг рўйхати қандай шакллантирилади?
Ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек, ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ва бошқа сайловчиларнинг рўйхатлари, агар улар ҳарбий қисмлар жойлашган ҳудудларда яшаса, ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этадиган маълумотлар асосида тузилади. Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар яшаш жойлари бўйича умумий асосларда сайловчилар рўйхатига киритилади.
Санаторий, дам олиш уйлари, касалхона ва қамоқхоналарда
сайловчилар рўйхатини шакллантириш тартиби
Санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкалар бўйича сайловчилар рўйхатлари мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида тузилади.
Чет элдаги фуқароларни сайловчилар
рўйхатларига киритиш тартиби
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида сайловчиларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхати билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилади.
Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати нима?
Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органларининг ахборот базаларига мувофиқ сайловчи фуқаролар, уларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган давлат ахборот ресурсидир.
Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органлари томонидан тақдим этиладиган ахборот негизида шакллантирилади ва янгилаб турилади, сайлов кампанияси даврида эса, тегишли участка сайлов комиссиялари томонидан аниқлаштирилади.
Ҳар бир участка сайлов комиссияси тузилганидан кейин уч кун ичида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида тақсимланган мазкур участка сайловчиларининг дастлабки рўйхатини олади.
Фуқароларга участка сайлов комиссияси биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш, шунингдек Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайловчилар рўйхатидан ўзларига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти таъминланади.
Сайловчиларнинг рўйхатидаги хато ва ноаниқликлар
қандай бартараф этилади?
Ҳар бир фуқаро сайловчиларнинг рўйхатларидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин. Участка сайлов комиссияси 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт.
Шундай қилиб, сайловчилар рўйхати сайлов ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир фуқаронинг сайлов ҳуқуқини амалда таъминлаш ҳамда кафолатлашга хизмат қилади.
Фарҳод Примов,
ИИВ Академияси кафедра бошлиғи.






