2023 йилнинг 20 июнь куни Берлинда Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда БМТ Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлашга доир конвенсияси (CМС конвенсияси) Ижрочи котиби Э. Френкел ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Маълумот учун, CМС конвенсияси ёки Бонн конвенсияси 1979-йилда Боннда (Германия) қабул қилинган. Конвенсияга 133 та давлат аъзо. Ўзбекистон 1998-йилда конвенсияни ратификация қилган ва кўплаб кўчиб юрувчи жонзотлар: сайғоқ, қор қоплон, Бухоро буғуси, архар, қулан, жайрон, фламинго, Сибир турнаси ва бошқаларнинг ватани ҳисобланади.
Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Экология вазирлиги ва БМТ ўртасида жорий йилнинг 23–28-октябр кунлари Самарқанд шаҳрида Конвенсия Томонлар конференсиясининг 14-йиғилишини (CМС CОП-14) ўтказиш тўғрисида Битим имзоланди.
Шунингдек, 1200 га яқин иштирокчилар, конвенсияга аъзо мамлакатларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлари, халқаро экологик ташкилотлар (ИУCН, УНЕП, ГЕФ, WWФ) раҳбарлари, етакчи илмий доиралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиши кутилаётган глобал тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий масалалар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, конференсия доирасида расмий ва норасмий тадбирлар, кўргазмалар ташкил этиш масалалари ҳақида ҳам сўз юритилди.
Учрашувда конференсиянинг расмий очилиш кунидан аввал Конвенсия Доимий қўмитасининг 54-йиғилиши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлари ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирокида юқори даражадаги давра суҳбатини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Маълумот учун, Конвенсия иштирокчилари конференсиясининг аввалги 13-йиғилиши 2020-йилда Гандинагарда (Ҳиндистон) бўлиб ўтган. CМС CОП га Филиппин, Эквадор, Италия, Германия, Швейтсария каби давлатлар ҳам мезбонлик қилган.
Мазкур тадбир мамлакатларнинг табиий ҳудудларни бошқаришда трансчегаравий ҳамкорликни кучайтириш орқали миграция турларини сақлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Қайд этиш керакки, CМС CОП-14 натижасида бир қатор стратегик аҳамиятга эга ҳужжатлар қабул қилиниши, янги халқаро ташаббуслар бошланиши ҳамда ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турлари ва уларнинг яшаш жойларини сақлаш соҳасида чора-тадбирлар режаси тасдиқланиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг, хусусан, Самарқанд шаҳрининг туризм салоҳияти ва маданий мероси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.






