Кеча, 7 июль куни “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Марказий Осиё олий таълим хаби сифатида” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Конференция иштирокчилари томонидан глобаллашув шароитида олий таълим малакаларини тан олишнинг халқаро механизмлари, Ўзбекистонда олий таълим трансформацияси масалалари муҳокама қилинди. Муваффақиятли трансмиллий таълим хабларини шакллантириш бўйича фикр алмашиш жараёнида Яқин Шарқ ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари тажрибасига алоҳида эътибор қаратилди.
Талабалар мобиллиги учун халқаро олий таълим тармоғи, 21 асрда Марказий Осиёдаги университетларнинг роли ва масъулияти, глобал муаммолар даврида университетнинг ривожланиш стратегияси: муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари каби мавзулар ҳам анжуман кун тартибидан ўрин олди.
Анжуман Марказий Осиё давлатларида олий таълимни халқаролаштириш, таълим сифатини янада яхшилаш, илмий тадқиқотларни кенгайтириш, минтақа давлатларида олий таълим трансформацияси, дуал таълимни йўлга қўйиш, халқаро рейтинглар каби мавзуларга бағишланди.

Иброҳим Абдураҳмонов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири, академик:
– Глобаллашув даври биздан олий таълим тизимини қуриш учун тубдан янги ёндашувларни талаб қилади. Жаҳон таълим маконида аниқ ўрин эгаллаш учун Марказий Осиё мамлакатларининг миллий таълим тизимлари дунёда рўй бераётган ўзгаришлар ва ривожланиш жараёнларига мослашиши муҳим аҳамият касб этади.
Сўнгги йилларда таълим сифати ва олий таълимга қамровини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги беш йил ичида 100 дан ортиқ янги университетлар ташкил этилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги университетларнинг умумий сони 2016 йилдаги 77 билан таққослаганда 210 кўрсаткичга етди. Ўзбекистонда олий таълимга қабул қилиш даражаси 2016 йилга нисбатан тўрт баробар ошди ва жорий ўқув йилида 39 фоизга етди.
Бундан тўрт йил аввал Ўзбекистонда атиги 7 та хорижий университетлар фаолият юритган бўлса, ҳозирги кунда 30 тага етди.
ЮНEСКОнинг Бангкокдаги минтақавий офиси директори Либинг Ванг:
– Бугунги кунда олий таълимнинг инклюзивлигини ривожлантириш муҳимдир. Совид пандемияси барқарор ривожланишда таълимнинг роли қанчалик муҳимлигини яна бир бор намоён этди. Олий таълим қашшоқлик, гендер тенгсизлиги каби муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради, университетлар жамият фаровонлигида фаол иштирок этади.
Марказий Осиё тарихий ва маданий мерос масканидир. Мазкур ҳудуднинг олий таълим марказига айланиши жаҳон ҳамжамияти ўртасида билим ва тажриба алмашишга хизмат қилишига ишонаман. Марказий Осиё олий таълим тизимига энг яхши таълим амалиётларини татбиқ этиш, тажриба алмашинувини кенгайтириш зарур.
Denise Waddingham Ўзбекистондаги Британия Кенгаши директори:
– Британия кенгаши Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан янги йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйган, хусусан университетларни бошқариш, таълим сифатини таъминлаш ва инклюзия. Шунингдек, Ўзбекистонда трансмиллий таълимни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаётгани қувонарлидир.





