Президентнинг ”Республикада миллий аския ва қизиқчилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Унга кўра, аския ва қизиқчилик санъати соҳасида таниқли ижодкорларнинг маҳорат мактаблари ташкил этилади. Ўзининг маҳорат мактабини яратган ижодкорларга ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида устама берилади.
Бундан ташқари, Марғилон шаҳрида Маданият ва туризм вазирлиги тизимида давлат муассасаси шаклида Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик санъати маркази ташкил этилади.
Шунингдек, ҳар йили сўз усталари ва қизиқчилар ўртасида ”Хуш кайфият” республика кўрик-танлови ҳамда аския кечалари, аския ва миллий қизиқчилик санъатимизни жаҳон миқёсида тарғиб қилиш мақсадида ҳар икки йилда бир марта «Табассум» халқаро кулги фестивали ҳамда ҳар йили аския ва қизиқчилар жамоаларининг маҳаллий гастроль сафарлари ташкил этилади.
Бундан ташқари, ҳар йили камида 25 та юксак бадиий савиядаги Интернет ва ижтимоий тармоқлар учун мўлжалланган аудиовизуал асарлар яратиш учун давлат буюртмасини бериш, бунда энг кенг оммалашган 5 та аудиовизуал асар ижодкорларини Маданият ва туризм вазирлиги ҳайъатининг қарори билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
Шунингдек, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат корхоналарининг ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирлари ўтказилиши режалаштирилмоқда.