2024 йил ноябрь ойида Қашқадарё вилоятининг 100 йиллиги нишонланади. Вазирлар Маҳкамаси юбилейни нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Лойиҳага кўра, Вазирлар Маҳкамаси Қашқадарё вилояти ҳокими, вилоят фаоллари, ижодкор зиёлилар ҳамда жамоат ташкилотлари вакилларининг Қашқадарё вилоятининг 100 йиллик юбилейини 2024 йил ноябрь ойида Қарши шаҳрида кенг нишонлаш ҳақидаги таклифларини маъқуллаган.
Лойиҳада келтирилишича, байрамни ўтказиш бўйича республика ташкилий ишчи гуруҳи тузилади ва:
- вилоятнинг 100 йиллик юбилей тадбирларини юксак савияда ва ташкилотчилик руҳида ўтказиш таъминланади;
- Қарши, Шаҳрисабз шаҳарлари ва туманларда бунёд этилган биноларни таъмирлаш, атрофларини ободонлаштириш, уларни замонавий ёритиш жиҳозлари билан таъминлаш ишлари амалга оширилади;
- вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшган ва фаол иштирок этган ҳамда самарали хизмат қилган кекса ва ёш ходимлар республика фахрий унвонларига ва фахрий ёрлиқларига тавсия этилади.
Бундан ташқари, UNESCО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси ва халқаро ташкилотлар иштирокида “Қашқадарёнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий конференция ташкил этилади. Вилоятнинг 100 йиллик юбилейига бағишлаб бахши-шоирларнинг “Достонларда юрт мадҳи” вилоят кўрик-танлови ўтказилади.






