АсосийJinoyat
2786

Жиззахда бюджет маблағларини ўзлаштириб келган она-бола мактаб директорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

'Жиззахда бюджет маблағларини ўзлаштириб келган она-бола мактаб директорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди'ning rasmi

Жиззахда бюджет маблағларини ўзлаштириб келган она-бола мактаб директорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Буҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби директори В.М.О. ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда аслида мактабда ишламаган турмуш ўртоғи О.А.га овоз бериш оператори сифатида 2019—2023 йил 1 майга қадар 47,3 миллион сўм, шунингдек, 2014 йилда ишдан бўшаган Д.Ҳ.га эса 2016 йилга қадар 22,9 миллион сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ноқонуний тўлаб келган.

Бундан ташқари, В.М.О. Зафаробод туманидаги 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида директор вазифасида ишлаб келаётган ўғли Р.Д. билан жиноий тил бириктириб, бюджет маблағларини талон-торож қилган.

У ўз раҳбарлигидаги мактаб ходимлари Н.Ю. ва И.Т.нинг хабардорлигисиз уларга бир вақтнинг ўзида ўғли раҳбарлигидаги мактабда ишлагани тўғрисида сохта ҳужжатлар расмийлаштирган. 2017—2022 йиллар давомида ушбу икки ходимга мажбурий ушланмалардан ташқари жами 69,8 миллион сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ноқонуний тўлаб, умумий ҳисобда 146,9 миллион сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Ўрганиш натижаси бўйича тўпланган ҳужжатлар 2023 йилнинг апрелида Бош прокуратурага юборилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Жиззах вилояти Пахтакор тумани бўлими томонидан 16 июнь куни Пахтакор туманидаги 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “а,” “б”, “г” бандлари ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар