Аввал хабар берганимиздек, бугун, 4 август куни Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси иш бошлади.
“Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги Қонун маъно-моҳиятига кўра, тўлалигича инсон қадри тамойилига хизмат қилади.
Зеро, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини малакали ҳимоя қилишда адвокатуранинг ўрни ниҳоятда катта.
Яқинда сенаторларимиз “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади ва у сентябрь ойидан кучга кириши белгиланди.
Бу Қонун кўпроқ аҳолининг эҳтиёжманд қатламига малакали юридик ёрдам кўрсатилишини кафолатлайди. Ушбу Қонун тўлақонли ишлаши учун эса биринчи навбатда малакали адвокатлар зарур.
Бундан ташқари, юртимизда тадбиркорлар сони кун сайин ошиб боряпти. Табиийки, иқтисодий -шартномавий муносабатлар ҳам жадаллашмоқда. Бундай шароитда малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган эҳтиёж фақат ошиб боради.
Бироқ, шу билан бирга адвокатура институти жамиятимизда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши йўлида ҳали талай муаммоларимиз бор.
“Адвокатура тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартиришнинг муҳимлиги ҳам шунда. Содда қилиб айтганда, жиддий тўсиқлардан бири олиб ташланяпти.
Ўйлаймизки, мутасадди вазирлик, идоралар, биринчи навбатда Адлия вазирлиги мазкур норма кутилган самарани бериши учун жиддий ҳаракат қиладилар.






