1

Буюк Британияда Гулнора Каримованинг 25 миллион долларлик мулки мусодара қилинди

ДУНЁ 09.08.2023, 09:47
Буюк Британияда Гулнора Каримованинг 25 миллион долларлик мулки мусодара қилинди

Йирик фирибгарлик бюроси Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримованинг Буюк Британиядаги учта ҳашаматли мулкини мусодара қилди. Булар Белгравиядаги иккита квартира ва Суррейдаги қаср.

Фирибгарликка қарши кураш бюроси 2018 йил октябрь ойида Каримованинг Британиядаги активларини мусодара қилиш бўйича судга мурожаат қилган. 8 август куни Буюк Британия Олий суди бу даъвони қаноатлантирди. Ҳибсга олинган мулкнинг қиймати 20 миллион фунт стерлингдан (25,4 миллион доллар) ортиқроққа баҳоланган.

"Биз бугунги кунда ушбу объектларни назорат қилиш учун бир нечта оффшор ҳисоб ва компаниялар билан боғлиқ мураккаб молиявий схемани аниқладик. Бу қарор Буюк Британиядаги ифлос пулларни йўқ қилиш йўлидаги яна бир қадамдир”, — деди Фирибгарликка қарши кураш бошқармаси директори Лиза Ософский.

Агентлик маълумотларига кўра, Каримова 2004—2012 йилларда Ўзбекистон бозорига кириш эвазига телекоммуникация компанияларидан юзлаб миллион доллар пора олган. 

Гулнора Каримова билан боғлиқ Швейцария, Франция, АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги активларининг умумий миқдори қарийб 1,4 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил март ойида Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовани жиноий гуруҳ тузиш, фирибгарлик ва давлат маблағларини ўзлаштиришда айблаб, 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум қилган эди. Ҳозир Ўзбекистон Биринчи президентининг қизи колонияда жазони ўтамоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1