АсосийЖАМИЯТ

Миришкорнинг янги тайинланган ҳокими ишни аҳоли муаммоларига ечим топишдан бошлади

Хабарингиз бор, айни кунларда қатор ҳудудларда янги ҳокимлар иш фаолиятини бошлади. Хусуса...

Хабарингиз бор, айни кунларда қатор ҳудудларда янги ҳокимлар иш фаолиятини бошлади. Хусусан, бундан роппа-роса бир ҳафта аввал Ғуломов Файзулло Қурбонович Миришкор тумани ҳокими лавозимига тасдиқланган эди. 

Миришкор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Азизбек Яздурдиевнинг маълум қилишича, вазифасига киришгач, Файзулло Ғуломов аввало аҳоли муаммоларини ўрганиш ва унга ечим топишга асосий эътиборни қаратди. Жумладан, "Гулистон" қишлоғида истиқомат қилувчи Р. Хўжамуродованинг фарзандини даволаш харажатлари учун 5 млн сўм, С. Намозованинг даволаниш ва дори-дармон харажатлари учун 1 млн сўм, "Жейнов" МФЙда яшовчи Н. Химматованинг фарзандини операцияси учун 4 млн сўм маблағ ажратилган.

Шунингдек, ҳокимнинг фуқаролар билан учрашувидаги мурожаатларга асосан "Аёллар дафтари"га киритилган 5 нафар хотин-қизларга 6 млн сўм бир марталик моддий ёрдам пуллари тўлаб берилган.

Файзулло Ғуломов тиббий хизмат сифати ва беморларнинг муносабатини дастлаб Помуқ шаҳарчасидаги шифохонадан ўрганишни бошлаган. Беморлар ва тиббиёт вакиллари билан мулоқотдан сўнг ҳоким ташаббуси билан Помуқ шифохонасига икки дона кондиционер олиб бериладиган бўлди.

“2023–2026 йилларда узумчилик ва виночилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида Файзулло Ғуломов бошчилигида 400 гектар узумзор ташкил этиш бўйича амалий ишлар бошланган.

Миришкор тумани ҳокими Файзулло Ғуломов Хитойлик тадбиркор билан унинг тўқсонбости экинларини етиштириб, экспортга йўналтириш борасидаги лойиҳаси устида мулоқот ўтказган.

Маълум бўлишича, хитойлик тадбиркор тумандаги "Автономов" ҳудудидан 50 га, “Янги обод” ҳудудидан 45 га, “Рўзмат Ғойипов” ҳудудидан 14 га ва “Кўҳна Фазли” ҳудудидан 60 гектар ер майдонида саримсоқ ҳамда пиёз етиштириб, тайёр бўлган ҳосил экспортга йўналтирилади.

"Darakchi.uz" янги тайинланган ҳокимлар иш фаолиятини ўрганишда давом этади.

    Бошқа янгиликлар