Ижтимоий тармоқларда “Наманган вилояти Чуст туманидаги боғчада тарбиячини болаларга ўргатаётган ҳунарини қаранг” мазмунидаги видео тарқалди. Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат бўйича расмий муносабат билан чиқди.
Маълум қилинишича, Наманган вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Чуст туман бўлими мутахассислари ҳамда туман ҳокимлиги ҳузуридаги Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил, шунингдек, туман ИИБ нозирлари иштирокида тузилган тезкор комиссия воқеа тафсилотларига аниқлик киритди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат 2023 йилнинг 27 июль куни Чуст шаҳридаги "Baby land" хусусий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида содир бўлган.
Ташкилотнинг ошпаз ходимаси С. Г. гуруҳга рухсатсиз кириб, тарбияланувчилар билан ҳазил мақомида содир этган хатти-ҳаракатини тасвирга туширган. Кейинчалик ўзининг эҳтиётсизлиги билан ушбу видео савдо тарғибига мўлжалланган телеграм канали орқали тарқалган.
Юз берган ҳолат юзасидан ошпаз ходима С.Г билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, вазифасидан озод этилган.
Ўрганув давомида видеолавҳада акс этган тарбияланувчилар соғлигидан шикоят ва уларнинг ота-оналари томонидан эътироз қайд этилмаган.






