Республика бўйлаб истеъмолчиларнинг ичимлик суви ва оқова хизматлардан дебитор қарздорлиги 1 трлн 369 млрд сўмни ташкил этмоқда. Бу ҳақда "Ўзсувтаъминот" АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов маълум қилди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда республикада истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги 1 триллион 369 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Шундан жисмоний истеъмолчиларнинг қарздорлиги 1 триллион 165 миллиард сўмни ташкил этса, 204 миллиард сўмлик қарздорлик юридик истеъмолчиларнинг ҳиссасига тўғри келяпти.
Шунингдек, бугунги кунга қадар дебитор қарздорликларни қисқартириш бўйича судларга жами 13 873 та 71 миллиард 523 миллион сўмлик даъво аризалар киритилган. Шундан 5 761 та ариза юзасидан 45 миллиард 168 миллион сўм ундирилиши бўйича суд томонидан қарор қабул қилган.
Судларга Республика бўйича энг кўп даъво аризалари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти сув таъминоти корхоналари томонидан чиқарилган бўлиб, ҳар бир ҳудуддан 4 236 тани ташкил этади.
Бундан ташқари, МИБга 31 миллиард 37 миллион сўмлик 5 897 та ижро варақалари берилган бўлса, шундан 3 292 та ариза ишининг 14 миллиард 991 миллион сўмлик маблағлари ундирилган.






