Энергетика вазирлиги ҳузуридаги "Ўзенергоинспекция" томонидан Бош прокуратура, "Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ходимлари билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган назорат тадбирларида Нукус туманида жойлашган “Мах Газ Сервис” МЧЖ табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди. Бу ҳақда Энегетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, “Мах Газ Сервис” МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида ўрнатилган газ сарфини ўлчаш комплексига ташқи таъсир кўрсатилганлиги маълум бўлди.
Мазкур ноқонуний ҳолат натижасида давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 3 млрд 854 млн 433 минг сўм (3 млн 854 минг 433 метр куб)ни ташкил этган.
Маълумот учун: ушбу ҳажмдаги табиий газ 19 мингдан зиёд хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.
Аниқланган ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди.
Жойларда назорат тадбирлари давом этмоқда.






