Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон халқаро аэропортларининг жўнаб кетиш терминалларида икки — "яшил" ва "қизил" йўлакли бошқарув тизимлари бекор қилинди. Уларнинг ўрнига халқаро стандартларга мувофиқ масофавий божхона назорати ўрнатилди ва бу чегарадан ўтиш вақтини 3 баробарга қисқартириш имконини беради.
Шундай қилиб, жорий этилган янгилик нафақат йўловчиларнинг вақтини тежайди, балки давлат назоратининг такрорий шаклларини, масалан, қўл юкини текширишни қисқартиради. Бу фақат авиация хавфсизлиги ходимлари томонидан амалга оширилади, улар олиб чиқиш тақиқланган ёки нотмадан ошиб кетган товарлар, шунингдек, нақд миллий ва хорижий валюта аниқланганда божхона органлари ходимларини назорат учун таклиф қиладилар.
Масофавий божхона назорати тизими инспекторларга кузатув камералари орқали жўнаб кетаётган йўловчиларни масофадан туриб кузатиш ва парвоз маълумотларини таҳлил қилиш, қўшимча алоқаларни бартараф этиш ва йўловчилар ҳаракатини чекламаслик имконини беради.
Аэропорт терминалларининг бутун периметри бўйлаб ўрнатилган камералар Божхона қўмитаси ходимларига реал вақт режимида масофадан туриб вазиятни кузатиш ва фақат алоҳида йўловчиларни текшириш имконини беради. Селективлик тамойилидан келиб чиққан ҳолда, божхона қоидалари бузилган тақдирда, шунингдек, хавфни бошқариш тизими кўрсатмаси бўйича йўловчилар ва уларнинг қўл юклари авиация хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилади.
Айтиш жоизки, янги технологияни жорий этиш ва божхона зонасидан ўтишни соддалаштириш тўғрисидаги қарор мамлакат аэропортларида йўловчилар оқими ортиб бораётгани муносабати билан, шунингдек, Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлигини ошириш мақсадида қабул қилинган.






