1

Ўзбекистон ва Озарбайжон товар айирбошлаш ҳажми 1 млрд долларга етказилади

СИЁСАТ 22.08.2023, 23:06
Ўзбекистон ва Озарбайжон товар айирбошлаш ҳажми 1 млрд долларга етказилади

Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари дини бир, қадриятлари, анъаналари, тили ва маданияти ўхшаш бўлган халқлар ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда энг юксак даражага кўтарилганини қайд этди. Ўзбекистон раҳбари Озарбайжон халқини атоқли давлат арбоби, умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиевнинг 100 йиллик юбилей билан табриклади.

Президентлар куни кеча икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокида ўтган бизнес форуми якунларини юқори баҳолади. Савдо ва саноат кооперациясида жадал ўсиш кузатилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Яқин йилларда учинчи мамлакатлардан қиммат импортнинг ўрнини миллий ишлаб чиқарувчиларнинг арзон ва сифатли маҳсулотлари билан босиш орқали товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Саноат кооперацияси хусусида сўз борар экан, Президентлар энергетика, металлургия, фойдали қазилмалар, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика, агросаноат ва бошқа тармоқларда муҳим лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича қатъий келишувларга эришилганини олқишлади.

Бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшма Инвестиция жамғармасининг маблағларини фаол ўзлаштириш муҳимлиги таъкидланди. Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, уларнинг саноат салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда янги кооперация лойиҳаларини илгари суриш учун ҳудудий маъмуриятлар раҳбарларининг тўғридан-тўғри мулоқотини ва мунтазам учрашувларини йўлга қўйиш ғояси қўллаб-қувватланди.

Етакчилар транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегик жиҳатдан муҳимлигини қайд этди. Ўтган йилда Ўзбекистон юкларини Боку порти орқали ташиш ҳажми қарийб икки баробар ошди. Мамлакат бундан буён ҳам Озарбайжоннинг замонавий транспорт тармоғидан фойдаланиб, юк ташишни кўпайтириш ниятида.

Шунингдек, Транскаспий йўлаги доирасида қўшма логистика компаниясини ташкил этиш ҳамда Боку шаҳри ва учинчи мамлакатлар портларида омборхона инфратузилмаси ва логистика марказларини барпо этиш чоралари муҳокама қилинди. Маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор келишувларга эришилди, шу жумладан Маданият ва кино кунлари, ижодий ва илмий зиёлилар, ёшлар ташкилотларининг учрашувларини ўтказишга келишиб олинди.

Йиғилиш давомида ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари, Ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари, транспорт ва энергетика, қишлоқ хўжалиги ва маданият вазирларининг музокаралар кун тартиби юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Якунда давлат раҳбарлари қўшма “йўл харита”ларини тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали амалга ошириш механизмларини таъсис этишга топшириқ берди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1