Куни кеча Тошкентда "Атроф-муҳитни пилот стратегик баҳолашни амалга оширишга кўмаклашиш" лойиҳаси бўйича маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар берди.

Тадбир Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги кўмагида Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) томонидан Франция тараққиёт агентлиги (AFD) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Йиғилишда Чорвоқ ХТЗни ривожлантиришнинг бош режаси ва истиқболлари тақдимотлари, Бўстонлиқ туманидаги имкониятлар ва вазифалар, экологик муаммоларни интерактив тарзда аниқлаш, гуруҳ муҳокамалари, асосий ғоялар ва кейинги қадамлар тақдимоти ҳақида ялпи мажлис бўлиб ўтди.

Маслаҳат учрашувининг мақсади манфаатдор томонларнинг дастлабки баҳолаши доирасида амалга ошириш учун зарур бўлган лойиҳа фаолиятини тушунишларини таъминлаш, амалга ошириш муддати ва манфаатдор томонларни жалб қилиш режасини муҳокама қилишдир.

"Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида туризм салоҳиятини ривожлантинриш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Мана шу лойиҳани стратегик жиҳатдан экологик баҳолаш бўйича ўрганиб чиқиш амалиёти жорий этилмоқда. Бу нима дегани? Ўша ердаги туризм салоҳиятини ривожлантириш бўйича лойиҳани ҳар бир босқичи, қилинаётган ҳар бир ишлар, қурилишлар, туризм объектларининг ташкил этилиши, у ерда қурилиш билан боғлиқ экология ва атроф муҳитга таъсир ўтказиши мумкин бўлган холатларни комплекс равишда ўрганадиган тизим жорий этилмоқда", - дея тадбирнинг аҳамияти ҳақида гапириб ўтди Давлат экологик экпертиза маркази бўлим бошлиғи Бахромхон Ҳўжаев.





