1

Сирдарёда “Мидакс” номли дори воситаларини товуқлар остига яшириб олиб ўтишга уринган шахс ушланди (видео)

ЖИНОЯТ 23.08.2023, 22:09
Сирдарёда “Мидакс” номли дори воситаларини товуқлар остига яшириб олиб ўтишга уринган шахс ушланди (видео)

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат Божхона қўмитаси хабар берди. 
 

Маълум қилинишича, пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида ўтказилган тезкор тадбирда олдиндан кузатувга олинган шахс ўтирган “Ласетти” автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.  

Натижада, автомашина салонининг орқа ўриндиғида турган қоғоз қутида турган товуқлар тадбир иштирокчиларининг эътиборини тортди. Қарангки, паррандалар остига буғдой кепаги билан ниқоблаб яширин бўлма ҳосил қилинганлиги ва уларнинг ичига 241 дона “Мидакс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари яширилганлиги фош бўлди.  

Мазкур қонунбузарлик ҳолатини илдизи билан бартараф этиш мақсадида тезкор тадбир Наманган шаҳрида давом эттирилиб, фуқаролардан бирининг яшаш хонадони ва ёрдамчи хоналари кўздан кечирилди.

Кўздан кечириш давомида бу ерда истиқомат қилувчи шахс 1 дона қоғоз қутида 236 дона “Мидакс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ўз ихтиёри билан тақдим этди.

Иккала ҳолатда ашёвий далил сифатида олиб қўйилган, хорижда ишлаб чиқарилган, аммо сифатини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган жами 477 дона дориларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 143 млн. сўмдан ошмоқда.  

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилди.  

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда аниқланган 142 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида қиймати 17 млрд. 459 млн. сўмлик салкам 295 минг дона кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1