АсосийSport

Ўзбекистоннинг 16 та шаҳрида “Янги Нафас” оммавий югуриш мусобақасига старт берилади

'Ўзбекистоннинг 16 та шаҳрида “Янги Нафас” оммавий югуриш мусобақасига старт берилади'ning rasmi

“Бир мамлакатда, бир вақтда, бир масофада, бир мақсадда – бирга югурамиз!” шиори остида “Янги Нафас” оммавий югуриш мусобақасига старт берилади.

Шу кунларда, Ўзбекистоннинг 16 та шаҳрида 3 сентябрь куни мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган “Янги Нафас” оммавий югуриш мусобақасини ўтказишга тайёргарлик кетмоқда.

Жорий йилнинг 25 август куни Фарғона шаҳридаги «Само» спорт мажмуасида Фарғона, Андижон ва Наманган вилояти ҳокимликлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, Миллий олимпия қўмитаси ва Енгил атлетика федерацияси ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжумани давомида оммавий югуриш мусобақасининг ишлаб чиқилган маршрутлари намойиш этилди. Фарғоналик югурувчилар учун доимий старт олиш нуқтаси ҳисобланган «Само» спорт мажмуасининг ҳудуди анжуманни ўтказиш учун танлангани тасодиф эмас. Андижонда старт ва финиш нуқтаси Ўзбекистон шоҳ кўчасида бўлса, Наманган шаҳрида оммавий югуриш мусобақаси Амир Темур ва Наманган кўчалари чорраҳасидан бошланиб, Истиқлол кўчасида якунланади, Фарғонада эса югурувчилар Ал-Фарғоний кўчасидан Юксалиш кўчасигача бўлган йўналишда старт олади.

Учрашув давомида шунингдек, ҳудудларнинг вакиллари томонидан тайёрланган тақдимот роликлари намойиш этилди. Пресс-анжумани иштирокчилари Фарғона, Андижон ва Наманганда ўтказилган аввалги Янги Нафас оммавий югуриш мусобақаларининг энг яхши лавҳаларини кўриш имконига эга бўлдилар.

Фарғона, Андижон ва Наманганда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги кунига бағишланган Янги Нафас оммавий югуриш мусобақасида 10 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашиши кутилмоқда. Оммавий спорт тадбирлари ўтказиб келинаётган уч йил давомида Фарғона водийсидан 300 мингдан зиёд ҳаваскор югурувчилар “Янги Нафас” ҳаракати сафига қўшилди.

Тадбирда таъкидлаганидек, “Янги Нафас” оммавий югурсиҳ мусобақалари талабалар ҳаракати томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда ва келгусида коллеж, лицей ва олий ўқув юртлари ўртасида энг фаол таълим муассасаси номинациясини жорий этиш режалаштирилган.

Пресс-анжумани якунида аҳоли ўртасида оммавий спортни оммалаштириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ҳудудларда “Янги Нафас” оммавий югурсиҳ мусобақалари кетма-кет 3 йил давомида мутлақо бепул ўтказилаётгани таъкидланди. Бу аҳолининг барча қатламларини, пенционерлардан тортиб уй бекалари ва тадбиркорларгача мусобақада иштирок этишга жалб қилиш имконини беради.

    Бошқа янгиликлар