Бугун, 24 сентябрь куни Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида Ўзбекистон ва Эрон миллий терма жамоалари ўртасида халқаро ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувнинг дастлабки дақиқаларида Ўзбекистон футболчилари фаол ҳаракат қилди. 10-дақиқада прессинг натижасида эронлик футболчи хатога йўл қўйди. Элдор Шомуродов эса ушбу хатодан унумли фойдаланиб, ҳисобни очди — 1:0.
Биринчи бўлимнинг қолган қисмида Эрон терма жамоаси босимни ошириб, ҳисобни тенглаштиришга уринди. Бироқ эронликлар танаффусга қадар ўз мақсадига эриша олмади.
Иккинчи бўлим бошида Эрон жарима зарбасидан унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди.
58-дақиқада Беҳруз Каримовга нисбатан қоидабузарлик ишлатилгани учун Эрон дарвозасига пенальти белгиланди. Элдор Шомуродов 11 метрлик жаримани аниқ амалга ошириб, Ўзбекистонни яна олдинга олиб чиқди — 2:1.
Учрашув якунига қўшиб берилган 4-дақиқада Ҳусайн Норчаев Ўзбекистоннинг учинчи голини урди.
Шу тариқа Фарғонадаги ўртоқлик учрашуви Ўзбекистон терма жамоасининг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.






