Пойтахнинг Якуб Колас кўчасининг бир қисми вақтинча автомобиллар ҳаракати учун ёпилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 мартдаги "Тошкент шаҳридаги истемолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-91-сонли Қарорига мувофиқ, барча ҳудудларда электр тармоқлари кабелларини, трансформаторларни янгилаш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Миробод туманининг Якуб Колас кўчаси ҳудудида 18х6 метр узунликдаги 110 кВ бўлган юқори кучланишли ер ости электр узатиш кабель тармоқларини ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда. Шу сабабли, жорий йилнинг 28 август кунидан 4 сентябрь кунига қадар Якуб Колас кўчасининг Миробод тумани тиббиёт бирлашмаси Марказий кўп тармоқли поликлиникаси ёнидан 20 метр узунликдаги (110-умумтаълим мактаби қаршиси) қисми барча турдаги автотранспорт воситалари ҳаракати учун ёпилади.
"Ҳайдовчилардан ноқулайликлар учун узр сўраб, айланма йўллардан фойдаланишларини тавсия этамиз", - дейилади хабарда.






