Республика тез тиббий ёрдам марказига 30 август куни 50 дона А тоифали Volkswagen Caddy тез тиббий ёрдам автомашиналари топширилди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, ушбу машиналар Қашқадарё ва Хоразм вилоятларидаги “103” хизматларига тақсимлаб берилади.
Вазирлик хабарида айтилишича, йил якунига қадар яна 610 дона шундай транспорт воситалари ҳудудларга етказиб берилиши режалаштирилган.
Бешинчи авлод А тоифали Volkswagen Caddy МҚБ платформасида ишлайди. Улар 1,6 MPI атмосферали мотор билан жиҳозланган бўлиб, 6 поғонали механик узатмалар қутиси ва 110 от кучига эга. 100 километр масофага автомобиль аралаш циклда 7 литр ёнилғи сарфлайди.
“Энг сўнгги ва замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган бу автотранспорт воситалари халқаро талабларга тўла мос келиб, унинг ички қисми бемор ва тиббий ходимларнинг қулай жойлашиши имконини беради.
Шунингдек, улар шаҳар ичида ҳаракатланиш бўйича юқори техник кўрсаткичларга эга бўлиб, ўтувчанлиги, ишончлилиги ҳамда тежамкорлиги билан ажралиб туради. Энг муҳими, бу автомобилларда ҳаракатни тўхтатмай туриб ҳам беморга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш мумкин”, — дейилади хабарда.






