1

Ўзбекистонда Озарбайжоннинг Миллий Қаҳрамони ҳақида китоб нашр қилинди

МАДАНИЯТ 31.08.2023, 11:07
Ўзбекистонда Озарбайжоннинг Миллий Қаҳрамони ҳақида китоб нашр қилинди

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказининг лойиҳаси доирасида Тошкентда Озарбайжоннинг Миллий Қаҳрамони Искандар Азнауров ҳаёти ва босиб ўтган жанговар йўли ҳақида ўзбек тилида “Ватан учун жон фидо қилган қаҳрамонлар” (“Vətən üçün can fəda edən qəhrəmanlar”) номли китоб дунё юзини кўрди.   

Таниқли тадқиқотчи-журналист Мавлон Шукурзоданинг изланишлари натижасида яратилган нашрда биринчи Қорабоғ урушида Озарбайжон сарҳадлари яхлитлиги учун курашда шаҳид бўлган Миллий Қаҳрамон Искандар Азнауровнинг ҳаёт ва жанговар хизмати ҳақида тўхталинади.

Нашр миллий қаҳрамоннинг оиласи, қариндошлари, Арманистоннинг яқин иттифоқчилари билан биргаликда Озарбайжон ерларига тажовузи, Биринчи Қорабоғ уруши ҳақида кенг маълумот беради. Китобда муаллиф арман дашноқлари томонидан алоҳида шафқатсизлик билан содир этилган Хўжайли қирғини, шунингдек, унинг даҳшатли оқибатлари ҳақида ҳикоя қилади.

Шунингдек, китобдан Искандар Азнауровнинг дўстлари, оила аъзолари, сафдошлари, яқинларининг у билан боғлиқ хотиралари жой олган. Китобда Миллий Қаҳрамон Искандар Азнауров ҳаётининг турли даврларини акс эттирувчи фотосуратлар, шунингдек, унинг ота-онаси, фарзандлари, дўстлари ва оиласининг фотосуратлари мавжуд. Китобнинг "Сўзбоши" муаллифи Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази директори Самир Аббосовдир.

"Сўзбоши"да қайд этилишича, 1988-1993 йилларда Арманистоннинг Озарбайжон ҳудудига даъволари ва тажовузлари натижасида Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети бузилган, мамлакат ҳудудининг юздан йигирма фоизигача Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган, миллионга яқин юртдошларимиз Озарбайжон ҳудудидан қувилган. Уларнинг туғилган жойлари, шаҳар ва қишлоқларимиз вайрон бўлиб, ватандошларимиз этник тозалашга дучор бўлишган, улар қочқин ва мажбурий кўчманчиларга айланганлар.

Бу адолатсизликни қабул қилмаган, Биринчи Қорабоғ урушида Ватан озодлиги ва дахлсизлиги учун курашган халқнинг ғайратли, мард ўғиллари жон берди. Ана шундай қаҳрамонлардан бири Озарбайжоннинг Миллий Қаҳрамони, ахиска туркларидан бўлган, Ўзбекистоннинг қадимий Бухоро шаҳрида туғилиб, умрининг кўп қисмини Ўзбекистонда ўтказган Искандар Азнауровдир.

Қадимги илдизларга эга уч қардош туркий халқ ‒ ахиска, ўзбек ва озарбайжон халқларининг умумий қаҳрамон фарзанди бўлган Искандар Азнауров  Озарбайжоннинг Гадабай туманида арман босқинчилари билан бўлган жангларда, босиб олинган кўплаб ерларни озод қилиш пайтида мардлик кўрсатган ҳамда қаҳрамонларча шаҳид бўлган.

Нашрда урғуланишича, Искандар Азнауров каби қаҳрамонлар бошлаган муқаддас курашни ватанпарвар Озарбайжон ёшлари давом эттириб, қатъий Озарбайжон армиясининг муросасиз кураши, Олий Бош Қўмондон, Президент Илҳом Алиевнинг муваффақиятли сиёсати натижасида 30 йилга яқин вақт мобайнида босиб олинган Ватан тупроқлари озод қилинди.  

Таъкидлаш жоизки, Озарбайжон халқининг Умуммиллий Лидери, Озарбайжон Республикасининг собиқ Президенти Ҳайдар Алиевнинг 1995 йил 15 январдаги фармони билан катта лейтенант Искандар Суҳроб ўғли Азнауров вафотидан кейин “Озарбайжон Миллий Қаҳрамони” унвони билан тақдирланди.

Китобда Озарбайжоннинг Биринчи вице-президенти Меҳрибон хоним Алиеванинг фикри келтирилган: “Бизнинг қаҳрамон армиямиз, қаҳрамон йигитларимиз бор. Озарбайжон халқи учун ҳар бир аскаримиз қадрли ва азиздир. Дунёдаги энг катта бойлик ҳисобланган жонини фидо қилган ҳар бир фарзандимиз Ватан номи билан Озарбайжон тарихида қаҳрамон бўлиб яшайди”.

“Ватан учун жонини фидо қилган қаҳрамонлар” китоби ёш авлодда Ватанга садоқат, халққа муҳаббат, ватанпарварлик туйғуларини тарбиялайдиган нашр намунаси сифатида тавсия этилади. Яқин кунларда китобнинг Ўзбекистон ва Озарбайжонда тақдимотини ўтказиш режалаштирилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1