Байрам кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича ёғингарчилик кутилмайди, дея хабар бермоқда "Ўзгидромет" хизмати.
Қайд этилишича, сўнгги ҳафтада Ўзбекистонда минтақамиз учун август ойининг охирига хос бўлмаган об-ҳаво бўлди. Республика ҳудуди бўйича ёмғир ёғиши, баъзи жойларда момақалдироқ ва шамолнинг кучайиши билан бирин-кетин нам ҳаво кириб келди. Аммо бугун, байрам кунлари арафасида, бутун республика бўйича эрталаб ёмғир тўхтади ва осмон аста-секин булутлардан тозаланмоқда.
Маълум қилинишича, бугун ва 1-3 сентябрь байрам кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди, кундузи 25-30о бўлган жуда қулай ҳарорат кузатилади. Эрталаб сезиларли даражада салқин, ҳарорат 14-17 даража атрофида бўлади.
Пойтахтда: 31 август 1-2 сентябрь кунлари ҳаво асосан кам булутли бўлади, 3 сентябрда булутлилик бироз кучаяди, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кундузи 26-29 даража, кечаси 15-17 даража бўлади.






