Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказининг Озарбайжон-Ўзбекистон дўстлик музейида Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда Darakchi.uz хабар берди.
Тадбирда Ўзбекистон фан, маданият ва санъат намояндалари, шоир ва ёзувчилар, олий ўқув юртлари ўқитувчилари, юртдошларимиз, журналистлар иштирок этди.
Дастлаб Озарбайжон ва Ўзбекистон президентларининг ўзаро ташрифларига бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Сўзга чиққан Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов меҳмонларни қутлаб, мустақиллик йилларида Озарбайжон ва Ўзбекистонда амалга оширилган улкан ислоҳотлар ҳақида гапирди. Озарбайжон ва ўзбек халқлари ўртасида тарихан ўрнатилган дўстлик ва қардошлик муносабатлари ҳақида маълумот берди. С.Аббасов ўтган йили Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга уч марта ташриф буюрганини алоҳида таъкидлади ва бу ташрифлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари юксак даражага кўтарилганининг ифодаси эканини таъкидлади.
Дипломат, шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга ташрифи доирасида Ўзбекистон давлати маблағлари ҳисобидан қурилган ва Озарбайжонга совға қилинган мактаб ҳақида ҳам батафсил маълумот берди.
Тадбирда сўзга чиққан профессор Нигина Шермуҳаммедова озарбайжон ва ўзбек халқлари ўртасидаги анъанавий дўстлик ва қардошликнинг тарихий илдизларига тўхталиб, мустақиллик йилларида барча соҳаларни қамраб олган бу муносабатлар янада ривожланганини таъкидлади.
Сўзга чиққанлар доцент Раъно Қодирова, шоира Наргиза Асадова, ҳамюртимиз, шоир Али Носирли ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги мавжуд дўстлик-қардошлик муносабатлари ҳақида сўз юритиб, бу муносабатларни юксак савияда сақлаш ва ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Тадбирда Маданият марказидаги Кайкеб Алиев номидаги “Озарбайжон” рақс ансамбли аъзолари миллий рақсларимизни намойиш этди.






