1

6 ой ичида 5 ёшгача бўлган 164 нафар болада кохлеар имплантация амалиётлари ўтказилди

САЛОМАТЛИК 06.09.2023, 15:30
6 ой ичида 5 ёшгача бўлган 164 нафар болада кохлеар имплантация амалиётлари ўтказилди

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш юртимизда олиб борилаётган ижтимоий сисёсатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда 17 млн нафардан ортиқ, шу жумладан 9,1 млн нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёлларга 227 та туғуруқ муассасалари, 18 ёшгача бўлган 11 млн нафар болага эса 245 та педиатрия муассасалари хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тиббий-санитария муассасаларида “Аёллар маслаҳатхона”лари, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларда “Онко-назорат хона”си ҳамда “Қизлар саломатлик марказ”лари фаолият юритяпти.

Шунингдек, Президентнинг тегишли қарорига асосан республикадаги 46 та туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг туғуруқ бўлимлари негизида туманлараро перинатал марказлари амалдаги штатлар доирасида ташкил этилган. 

Ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида аёллар оммавий тарзда ультратовуш текширувидан нафақат вилоят, балки туман (шаҳар) миқёсида янги ташкил этилган пренатал скрининг хоналарида ўтказилмоқда. 

Жорий йилнинг 6 ойида 1,9 млн нафар хотин-қизлар онкоскрининг текширувидан ўтказилди. 5,9 млн нафар 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёлларнинг 662,3 минг нафари темир, 560,5 минг нафари эса фолий препаратлари билан бепул таъминланди.

Бундан ташқари, эшитиши заиф ва туғма карликни даволаш мақсадида 2023 йилнинг биринчи ярмида 5 ёшгача бўлган 164 нафар болада кохлеар имплантация амалиётлари ўтказилди.

Йил якунига қадар ҳомиладор аёллар ва болаларга ҳудудидан қатъи назар, кафолатланган бепул тиббий хизматдан фойдаланиш имкони яратилади. Шунингдек, болалар, ўсмирлар ва ҳомиладор аёлларни 7 турдаги витамин ва минераллар билан бепул таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишида такрорланувчи хизмат турларини оптималлаштириш ишлари олиб борилади.
 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1