Қашқадарёда кадастр бўлими бошлиғига нисбатан туҳмат қилган шахсга чора кўрилди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Кадастр агентлигининг Қашқадарё вилояти бошқармаси хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқда фермер хўжалиги раисининг видео мурожаати эълон қилиниб, унда Кадастр бўлими бошлиғи фермернинг ерига келиб, артезан ковлашига тўсқинлик қилаётгани, фаолиятига ҳалал бераётгани иддао қилинган эди. Мазкур ҳолат Вилоят бошқармаси томонидан ўрганилиб, раддия берилган.
Жиноят ишлари бўйича Ғузор тумани судида ижтимоий тармоқлар орқали Кадастр агентлигининг Ғузор тумани бўлими бошлиғига нисбатан туҳмат қилиниши ҳолати бўйича иш кўриб чиқилди.
Ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41-моддаси билан шу Кодекснинг 33-моддасини қўллаб, БҲМнинг 2 баравари миқдорида 660 минг сўм жарима жазоси, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 40-моддаси билан шу Кодекснинг 33-моддасини қўллаб, 2.310.000 сўм жарима жазоси, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 34-моддаси тартибида фермер хўжалиги раисига узил-кесил 2.310.000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.






