Марокашда 9 сентябрь куни юз берган 6,8 магнитудали кучли зилзила қурбонлари сони 2000 кишидан ошди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 1400 дан ортиқ одам оғир жароҳатланган, энг оғир талафотлар Марракеш жанубидаги вилоятларда қайд этилган.
Қирол Муҳаммад VI уч кунлик миллий мотам эълон қилди ва омон қолганларга бошпана, озиқ-овқат ва бошқа ёрдам кўрсатишни буюрди.
“Ўлганлар сони 2012 кишига кўпайди, 2059 киши жароҳат олди, улардан 1404 нафари оғир жароҳат олди”, — дейилади хабарда.
Кўп одамлар иккинчи тунни очиқ ҳавода ўтказган. Жаҳон банки Марокашдаги зилзила қурбонларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга ваъда берди.