1

Бугун "ОКМК" жамоаси Саудия Арабистонининг "Ал Иттиҳод" жамоасига қарши майдонга тушади

СПОРТ 18.09.2023, 15:44
Бугун "ОКМК" жамоаси Саудия Арабистонининг "Ал Иттиҳод" жамоасига қарши майдонга тушади

Илк бор янги форматда ўтказилаётган Осиё Чемпионлар лигасининг 2023/24 мавсумида Ўзбекистоннинг тўртта: "Пахтакор", "Насаф", "Навбаҳор" ва "ОКМК" жамоалари иштирок этмоқда.  

"ОКМК"га гуруҳ босиқичи доирасида Саудия Арабистонининг "Ал-Иттиҳод", Эроннинг "Сепаҳон" ва Ироқнинг "Эйр-Форс" жамоалари рақиблик қилади.

Бугун ОЧЛ гуруҳ босқичи, 1-тур доирасида ОКМК Жиддада Саудия Арабистонининг "Ал Иттиҳод" жамоаси "меҳмони" бўлади.

"Ал Иттиҳод" жамоаси 1928 йилда ташкил топган. "Йўлбарс"лар 9 карра мамлакат чемпиони, 7 карра Валиаҳд Шаҳзода кубоги, 3 карра Саудия Арабистони кубоги ва 2 карра Осиё Чемпионлар лигаси ғолиби саналади.

Жамоа айни дамда ички чемпионат баҳсларида 6 ўйиндан сўнг 15 очко билан 2-ўринда кетмоқда. Ҳозирда «Ал Иттиҳод» жамоасини Португалиялик Нуну Эшпириту Санту башқаради. Таркибда Карим Бензема (Франция), Нголо Канте (Франция), Фабинё (Бразилия), Луиз Фелипе (Италия), Абдураззоқ Ҳамдалла (Марокаш) каби номдор футболчилар тўп сурмоқда.

Айни дам "ОКМК" жамоасини бошқараётган Миржалол Қосимов эса нафақат футболчи балки, мураббийлик сифатида ҳам тарих яратишга улгурган мутахассислардан ҳисобланади. Қосимов, "Бунёдкор" жамоаси билан икки бор Осиё Чемпионлар лигаси ярим финалига етиб борган бўлса, ОКМК клубини икки бор ОЧЛ гуруҳ босқичига олиб чиққан. Қосимов шунингдек, ўз вақтида бугунги рақибимиз — "Ал Иттиҳод" клубини мағлубиятга учратган саноқли мураббийлардан бири ҳисобланади. Шунингдек Миржалол Қосимов Ўзбекистоннинг 6 карра чемпиони (футболчи ва мураббий сифатида), 1998 йилги мавсумнинг энг яхши тўпурари, 2 бор Осиё Чемпионлар Лигаси ярим финалига чиққан илк ўзбекистонлик мутахассис.

"Ал Иттиҳод" — ОКМК учрашуви 18 сентябр куни Жиддадаги "Шаҳзода Абдуллоҳ Ал-Файсал" стадионида маҳаллий вақт билан 19:00да, Тошкент вақти билан эса 21:00да старт олади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1