Ижтимоий тармоқларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги таъсисчилигидаги “ЎЗМЕДИМПЕКС” МЧЖ “Антиструмин” ёд препаратини етказиб бериш эвазига “Само” МЧЖ билан жами 21 млрд сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузганини тасдиқловчи ҳужжатларнинг расми тарқалди.
Ҳужжатга кўра, ССВ таъсисчилигидаги ташкилот калий ёдид 1 мг (0,001 г) №100 (Антиструмин) дори воситасини харид қилиш учун 2022 йил июнь ойида “Само” МЧЖ билан 5 млрд 644 млн сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузган. 2023 йил 11 январда эса ушбу шартномага 956 млн сўмлик қўшимча келишув қилинган.
“ЎЗМЕДИМПЕКС” МЧЖ 2023 йил 4 майда яна мазкур дори воситасини харид қилиш учун “Само” МЧЖ билан 15 млрд 275 млн сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузган. Ушбу шартномаларга кўра, жами 21 млрд 875 млн сўм маблағ эвазига “Само” МЧЖ 3 млн 550 минг миқдорда “Антиструмин” етказиб бериши кўрсатилган.
Ҳозирча расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, “Антиструмин” дори воситасини харид қилиш учун ҳеч қандай тендер ўтказилмаган, шартномалар тўғридан-тўғри тузилган.