Янги Меҳнат кодексининг 208-моддасига биноан, дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келган тақдирда, дам олиш куни байрамдан кейинги иш кунига кўчирилади. Бу ҳақда Xushnudbek.uz телеграм каналида маълумот берилди.

"Илгари бунақа қоида йўқ эди, масалан, Наврўз байрами якшанба кунига тўғри келиб қолса, унда 2 та дам олиш куни биттада ўтиб кетарди. Энди бундай бўлмайди ва дам олиш куни байрамга тўғри келса, унда кўчирилади.
Ўзбекистондаги биринчи ана шундай амалиёт 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига тўғри келмоқда. Яъни ушбу байрам якшанба кунига тўғри келгани учун, 2 октябрь — душанба куни ҳам дам олиш куни сифатида белгиланди.
Маълумот учун: 2024 йилда 2 та байрам дам олиш кунига тўғри келади, булар: 1 сентябр — Мустақиллик куни ҳамда 8 декабр — Конституция куни. Демак, мана шу иккала байрамда ҳам 2 сентябр ҳамда 9 декабр душанба кунлари дам олиш куни бўлади", дея изоҳлайди ҳуқуқшунос.





