АсосийДУНË

Салом Қорабоғ, алвидо "Арцах"!

Шу пайтга қадар дунёнинг бирор бир давлати томонидан тан олинмаган "Тоғли Қорабоғ Республи...

Шу пайтга қадар дунёнинг бирор бир давлати томонидан тан олинмаган "Тоғли Қорабоғ Республикаси" 2024 йил  1 январдан тугатилади. "Тоғли Қорабоғ Республикаси"ни тугатиш ҳақидаги фармонни ҳудуднинг муваққат  раҳбари Самвел Шаҳраманян имзолаган...

Хабарингиз бор, 2023 йилнинг 19 сентябр куни Озарбойжон конституциявий тузумни тиклаш мақсадида Қорабоғда «маҳаллий аксилтеррор тадбирлари» ўтказилишини эълон қилди. Эртаси куни ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди - унинг шартларидан бири Қорабоғ армиясини қуролсизлантириш ва арман ҳарбийларини тан олинмаган республикадан олиб чиқиб кетиш эди. 

Қорабоғ арманлари ва Озарбойжон ҳукумати вакиллари «реинтеграция, Қорабоғ арманларининг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилиш» учун бир қатор учрашувлар ўтказди, бироқ келишувга эриша олмади. Гарчи Озарбойжон ҳукумати Қорабоғдаги арманлар учун тинчлик ва хавфсизликни кафолатласа-да, қисқа вақт ичида  65 мингдан ортиқ арман Қорабоғни тарк этди. 

Қорабоғни ҳисобга олмаганда, Озарбойжон таркибий жиҳатдан шаҳарлар, туманлар ва Нахичеван Мухтор Республикасидан ташкил топган. Энди Тоғли Қорабоғ ёхуд Арцах деб аталадиган сохта мамлакат йўқолади. Озарбойжон бу ҳудудни аввалгидек вилоят деб атайдими, туманларга бўлинадими, бу ҳақда расмий маълумот йўқ. Аммо, шуниси аниқки, Қорабоғ  энди сохта республика ҳам, мухтор вилоят ҳам эмас. 

Мозийга назар

Қорабоғ муаммоси сиёсат майдонида пайдо бўлганидан бери орадан ўттиз йил ўтди. Музокаралар, учрашувлар, баҳс-мунозаралар салкам 30 йил давом этди.

Хўш, бу муаммонинг асл моҳияти нимадан иборат эди? Масалага ойдинлик киритиш учун анча ортга чекинишга тўғри келади. Қорабоғ ҳозирга қадар расман Озарбойжон Республикаси таркибидаги мухтор вилоят ҳисобланади. Бу ҳудуд асрлар мобайнида асосан туркий давлат тузилмалари таркибида бўлиб келган. Амир Темур ҳам 1386-1387 йилларда Эрон Озарбойжонини забт этиб, қишни Қорабоғда ўтказгани ҳақида маълумотлар бор.

Буюк ўзбек шоири Лутфий ҳам ўз шеърларида Арас дарёси Қорабоғни тилга олади:

Не кипрукимизнинг орасида Ароси бор,

Эй кўзи қаро, боғи  висолинг ҳавосидин

Кўзум Қорабоғинда тушуб,    хайли хаёлинг,

Бир лаҳза эмас холи  ёшимнинг Аросидин.

Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Қорабоғга асосан 1828 йилда Россия билан Эрон ўртасида имзоланган Туркманчай сулҳ битимига асосан 130 минг нафардан ортиқ арманлар кўчириб келтирилган.  Бироқ, улар ҳам Қорабоғ ва унга туташ ҳудудлар қадим-қадимдан ўз аждодларига тегишли бўлгани ҳақидаги даъвони илгари суриб келишди.

1920 йилда Озарбойжон Демократик Республикаси Совет Иттифоқига таркибига қўшиб олингач, 1923 йил 7 июлда арманларнинг сон жихатдан устунлигини ҳисобга олган ҳолда Қорабоғга мухтор вилоят мақоми берилган.

Битмаган яра

Бу ҳудудда чигал вазиятнинг юзага келишининг иккинчи тўлқини собиқ империянинг емирилиш йилларига тўғри келади.  Статистик маълумотларга кўра, 1989 йилда Қорабоғ аҳолиси 189 085 кишини ташкил этган. Шундан 76,9 физини арманлар, 21,5 фоизини озарбойжонлар, 1,6 физини руслар ва бшқа миллат вакиллари эди.

Вилоятда таркибий жиҳатдан кўпчиликни ташкил этган арманларнинг, хусусан Қорабоғ айирмачиларининг Озарбойжондан ажралиб чиқишга интилиши Арманистон ССР ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланди. Икки халқ ва давлат ўртасидаги  қуролли ҳаракатларнинг бошланиб кетиши 1988 йил февралда Қорабоғ Мухтор вилояти кенгашининг Озарбойжон таркибидан ажралиб, Арманистонга қўшилиш ҳақидаги қарорининг қабул қилиниши билан боғлиқ.  

 Арманистон Олий кенгаши 1989 йилнинг 1 декабрида "Арманистон ва Тоғли Қорабоғни қайта бирлаштириш тўғрисида"ги қарорни қабул қилгач, бу борадаги ҳатти-ҳаракатлар янада кескин тус олди.  1988-1993 йиллар мобайнида Озарбойжонннинг Қорабоғ мухтор вилояти ва унга ёндош бўлган еттита туман ишғол қилинди.  Натижада қанчадан қанча бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилди.

Ишғол қилинган ҳудудлар (1989-2023)

Қорабоғ вилоятнинг Арманистон билан умумий чегараси бўлмагани боис ушбу мамлакат ҳудуди ва Қорабоғ оралиғида бўлган Лочин, Келбажар, Қубодли, Зангилон, ҳатто бу оралиқда бўлмаган Ағдам, Фузулий ва Жаброил туманлари - Озарбойжон Республикаси умумий ер майдонининг 20 фоизи 30 йилга яқин  ишғол остида қолиб келди. 25  минг нафардан ортиқ инсон  бу босқиннинг қурбонига айланган, 50 мингдан ортиқи турли даражада тан жароҳати олган.

Дунё аҳли нигоҳида

Вазият тақозосига кўра, икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама алоқалар тамомила тўхтаб қолди. Бу эса, на Озарбойжон, на Арманистоннинг ҳар тарафлама манфаатларига уйғун келади. Қорабоғ можароси тарихий алоқаларнинг қайта тикланиши йўлидаги асосий тўсиқ бўлиб келди.

Бу масала аллақачон дунё ҳамжамияти диққат марказига кўтарилган. Муаммони бартараф этиш юзасидан бир қанча халқаро учрашувлар ўтказилган. 1992 йилда Жанубий Кавказдаги бу жиддий муаммони ҳал этиш юзасидан Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг АҚШ, Россия ва Франция давлат расмийларидан иборат Минск гуруҳи ташкил этилди. Мазкур гуруҳ вакиллари шу пайтга кадар ҳар икки давлат ҳамда Қорабоғ раҳбарлари билан ўнлаб маротаба учрашувлар ўтказди, музокарарлар олиб борди.

1993 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан икки давлат орасидаги муносабатларни яхшилаш, ҳарбий харакатлар ва душманчилик муносабатларига барҳам бериш, Қорабоғ муаммосини адолатли ҳал этиш, Озарбойжоннинг босиб олинган ҳудудларини қайтариб бериш ва у ердан қуролли кучларни олиб чиқиб кетиш сингари талаблар илгари сурилган учта резолюцияси қабул қилинган бўлса-да, Арманистон ҳукумати босиб олинган ҳудудларини қайтариш масаласини оркага суриб келди. Қорабоғда эса, бошқарув тўла-тўкис арманлар қўлида эди.  Бу ҳудудда дунёнинг бирор мамлакати томонидан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ (Арцах) Республикаси деб аталган тузилма ташкил этилди.

Икки мамлакат раҳбарлари ўртасида бу зиддиятни тинч йўл билан бартараф этиш юзасидан олиб борилган музокаралар амалий натижа бермагач. 2017 йилнинг апрель ойида илк бор Озарбойжон ўз тарихий тупроқларини қайтариб олиш бўйича ҳарбий ҳаракатларга қўл урди. Бир ойга қин давом этган тўқнашувларда бир қанча қишлоқлар думан қўлидан озод қилинди.

 Икки давлат ўртасидаги қуролли тўқнашувлар 2018 йилда, шунингдек 2020 йилнинг июнь ойида ҳам кузатилган.

Қорабоғнинг оппоқ тонги муборак!

2020 йилнинг 27 сентябрь куни тонг саҳарда Озарбойжон ва Арманистон ўртасида қуролли ҳаракатлар бошланди. 44 кун давом этган ҳарбий ҳаракатлар натижасида арманлар ишғоли остида бўлган ҳудуднинг катта қисми озод қилингди. 2020 йил 10 ноябрь куни Россия Федерация раҳбариятининг аралашуви билан ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилди. Арманлар яшайдиган асосий ҳудуд – Қорабоғнинг марказий шаҳри бўлган Хонкенди (арманлар уни Степанакерт деб аташарди) тақдири қарийб уч йилки мавҳумлигича қолиб келди.  

Сўнгги бир ҳафта ичидда юз берган воқеалар тариз ўзанини тамоман ўзгартириб юборди. 30 йиллик ишғолдан сўнг Қорабоғ асл  эгаси – Озарбойжонга қайтди. Албатта, бунинг учун Озарбойжон халқи озмунча қон тўкмади,  минглаб асл ўғлонларидан айрилди. Арманларга ҳам осон тутиб бўлмайди. Шовинистик ҳукуматнинг жоҳилона сиёсати ўз халқи бошига катта кулфатларни ёғдирди. Аммо, бунда Озарбойжоннинг айблаш адолатдан бўлмайди...

Қорабоғда оппоқ тонглар отаётгани рост бўлсин! Қардош Озарбойжонга ғалаба муборак!  

Шушада қайта ҳилпираган Озарбойжон байроғи...


Рустам Жабборов, журналист

 


 


 

 

 

 


 

    Бошқа янгиликлар