Германия суди Мюнхендаги музейда бир нечта расмни сохтасига алмаштирган ва асл нусхаларини аукционда сотган музей ходимига ҳукм ўқиди. 30 ёшли эркак бир йилу 9 ой муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Шунингдек, у 60 минг евродан ортиқ товон пули тўлаши керак, дея ёзмоқда Zamon.uz.
Ходим музейдаги экспонатлар сақланадиган жойга кириш ҳуқуқига эга бўлган. У Франс фон Стукнинг “Қирол қурбақа ҳақидаги эртак” картинасини осонгина сохта суратга алмаштирди. Шундан сўнг расмни катта бобосига тегишли деб кўрсатиб, асл нусхасини кимошди савдосига қўйди ва Швейтсариядаги галереяга 70 минг еврога сотди.
Шунингдек, у музей омборидан “Шароб татиб кўриш” ва “Тоғларда ўтин териб юрган икки қиз” асарларини ўғирлаган. Улар учун жиноятчи тахминан 12 минг евро олган.
Бу ишни музей баҳоловчиси пайқади, у расмлардан бири тўғри ўлчамда эмаслигини аниқлади. Музейда сохта нарса борлиги маълум бўлгач, мутахассислар бошқа асарларни текширган.
Музей ходими олган 60 617 еврони қарзларини тўлаш ва дабдабали ҳаёт кечириш учун сарфлаган. У ўзига янги квартира, қўл соати ва ҳашаматли Британия машинасини сотиб олган.