АсосийJamiyat

Тошкент вилоятида божхона ходимлари гумонланувчини калтаклагани айтилмоқда

'Тошкент вилоятида божхона ходимлари гумонланувчини калтаклагани айтилмоқда'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда  “Шахсга нисбатан зўравонликнинг навбатдаги кўриниши божхоначиларданлиги тўғрисида шикоят келмоқда” номли хабар тарқалди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)  хабарга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, шикоятларда гумонланувчи Э.Э. Божхона хизмати ходимлари томонидан ушланиб, гиёҳвандлик моддаси бўйича сўроқ қилиниб, танасининг турли жойларига электрошокер қўлланилгани ва калтакланганини қайд этган. Шунингдек, шикоятда ушбу ҳолат бўйича Тошкент вилояти Божхона хизмати ходимларига нисбатан қонуний чора кўрилиши сўралган.

Бироқ гумонланувчи Э.Э. томонидан у ушлаб турилган жой ҳақида маълумот берилмаган. Шу боис, Омбудсман ходимлари томонидан тезкорлик билан хабарда қайд этилган гумонланувчи Э.Э.нинг шахсига ва у ушлаб турилган жойга аниқлик киритилган. Маълум бўлишича, гумонланувчи Э.Э. Тошкент вилоятидаги 1-сон Тергов ҳибсхонасида ушлаб турилган.

Ушбу хабар юзасидан Омбудсманнинг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили ҳибсхонага бориб, гумонланувчи Э.Э. билан ҳоли тарзда суҳбатлашган, гумонланувчидан юқоридаги ҳолат юзасидан батафсил тушунтириш олинган ва шикоят қабул қилинган.

“Хабарда қайд этилган ҳолат ва гумонланувчи Э.Э.нинг Омбудсман номига ёзган шикояти Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ, кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага Омбудсман талабномаси билан киритилди”, — дейилади муносабатда.

    Бошқа янгиликлар